Туркия Ғазодаги охири кўринмаётган бемисл фожиалар сабаб Исроил билан савдо алоқаларини тўхтатишга қарор қилди. Kun.uz мухбири бу жиддий воқеа ҳақидаги саволлар билан Анқара Ҳожи Байрам Вели университети халқаро алоқалар бўлими докторанти Фазлиддин Мадиевга юзланди.

— Туркия Ғазо инқирозининг дастлабки ойларида, яъни жиддий қадамлар кутилганида эмас, энди кутилмаганда, урушга 7 ой бўлганда бу қарорга келди...

— Бу борада кўп тортишувлар бўляпти. Иккита факторни эътиборга олиш керак: давлатнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳаётни юргазиш мажбурияти бор, иккинчиси эса фуқаролар муносабатини инобатга олиш. Бирор бир давлат билан савдо-иқтисодий, сиёсий алоқаларни йўлга қўйиш осон иш эмас, Туркия ва Исроил учун ҳам осон бўлмаган. Муҳим фактор яҳудий ва мусулмонларнинг бир неча асрлик тортишувлари ҳам бор.

Яқин Шарқда Туркия ва Исроил демократик давлатлар бўлгани учун ўртадаги тижорий муносабатларда анча либераллик бор эди, йиллар давомида ривожланган, чамбарчас боғлиқ иқтисодий ҳамкорлик бор эди. Шунинг учун бирдан йўқотиш осон иш эмас. Сиёсий, ижтимоий факторлардан ташқари ўша савдо алоқаларини юритувчи инклюзив қатлам бор икки томонда ҳам, бир қанчаси сиёсатга боғлиқ бўлмаган каналлар. Шу сабабдан ҳам Туркия учун осон бўлгани йўқ. Аслида, Туркия ва Исроилда иқтисодий муносабатларга давлат аралашмайди. Энди бу тўхтатиш икки давлатга ҳам катта таъсир қилади дейиляпти, айниқса Исроилда. Умуман, қизиқ бир жараён бошланди.

Савдо алоқаларини тўхтатиш нуқтаси қаергача? Турли манбаларда Ғазога ҳуманитар ёрдам эшиклари очилгунча ёки уруш тугагунча, дейиляпти.

— Бундай маълумотлар баёнотлар шаклида ҳам чиқяпти. Эрдўған қисқа баёнотига кўра, Ғарб дунёси Исроилни қўллаяпти, қачонки бу икки хил стандартлилик тўхтамагунча биз ҳаракатдан тўхтамаймиз, деди. Лекин давлатлар доим бир-бири учун очиқ эшиклар қолдиради, келишувларга боғлиқ бу. Эрдўған Ғарб Исроилга ёрдамни тўхтатиши керак, Туркия иқтисодий алоқаларни тиклашга очиқ, деган мазмунда гапиряпти. Исроил ён бериб, Туркия манфаатларига тўғри келувчи чизиқда тўхтаса, Туркия савдо, сиёсий алоқаларни ҳам қайта боғлашга тайёр эканини билиш мумкин бу баёнотдан.

Исроил томондан қаршилик ҳам бор, лекин Туркия билан савдо қилишга хоҳиш ҳам бор. Чунки анча арзон олишади, кейин бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари. Озиқ-овқат, саноатда Туркияга қарамлик бор Исроилда. Алтернатив давлат топиб, бу стандартларни тиклагунча анча вақт кетади. Умуман, икки давлат ҳам бир-бирига очиқ эшиклар қолдирган.