Ўзбекистон | 15:44 / 27.08.2020
10616
2 дақиқада ўқилади

Тиббий ниқоб тақилиши бўйича талаб бекор қилинмаган – Оқилов

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов АОКАда бўлиб ўтган брифингда аҳолидан келиб тушган саволларга жавоб берди.

Хусусан, мурожаатлардан бирида фуқаро карантин чоралари юмшатилгандан сўнг шаҳарда тиббий ниқобсиз юрган одамлар учраётганини айтиб, ниқоб тақиш ихтиёрийми ёки бу талаб бекор қилиндими, деб сўраган.

“Тиббий ниқоб тақилиши бўйича талаб бекор қилинмаган. Аксинча тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш ва гигиеник талабларга риоя қилиш асосий талаблар бўлиб қолмоқда. Эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари билан биргаликда тизимли равишда рейдлар ўтказиши кўзда тутилган ва талабларга риоя этмаслик учун маъмурий жазолар берилиши ҳам назарда тутилган”, - деди Ҳабибулла Оқилов.

Шунингдек, мамлакатимизда коронавирусга чалинган беморларга ишлатиладиган ИВЛ аппаратлари етарлими, дея сўралган саволга ҳам жавоб қайтарилди.

“Албатта, юртимизда илк бор коронавирус қайд этилган пайтда даволаш муассасаларида мингга яқин ИВЛ аппарати мавжуд бўлган бўлса, айни пайтга қадар яна 2000 дан зиёд ИВЛ аппаратлари келтирилган. Ҳозирда коронавирусга чалиниб, ИВЛ аппаратига эҳтиёж сезган оғир аҳволдаги беморларни даволаш учун аппаратларнинг сони етарли.

Шу ўринда айтиш керакки, ИВЛ аппаратлари тегишли кўрсатмаларда келтирилган бошқа турдаги касалликларда ҳам қўлланилади.

Пандемиягача республикамизда мавжуд бўлган ИВЛ аппаратларининг барчаси импорт сифатида хориждан харид қилинган бўлса, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда янги завод қуриб битириш арафасида ва йилнинг охиригача «Хирана» русумли ИВЛ аппаратлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши бошланади.

Бу аппаратлар нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни давлатларга ҳам сотилиши режалаштирилган”, - деди штаб аъзоси.

Мавзуга оид