Жаҳон | 18:58 / 02.09.2020
9233
2 дақиқада ўқилади

Германия ҳукумати: Навальний «Новичок»ка ўхшаш моддадан заҳарланган

Россиялик сиёсатчи Алексей Навальний «Новичок»ка ўхшаш асаб тизимини фалажловчи жанговар моддадан заҳарланган. Бу ҳақда Германия ҳукумати пресс-релизида маълум қилинган.

Фото: EPA/Vostock-photo

Бундесвернинг махсус лабораториясида ўтказилган тест натижалари Навальнийнинг организмида заҳар излари борлигини кўрсатган.

«Алексей Навальний Россияда кимёвий модда билан ҳужум қурбони бўлган», — дейилади баёнотда.

Германия ҳукумати ЕИ ва НАТО бўйича ҳамкорларга, шунингдек Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича ташкилотга текширувлар натижалари юборилишини маълум қилган.

РФнинг Германиядаги элчиси ҳам таҳлил натижаларидан расман огоҳлантирилган. «Биз Россия ҳукуматини ушбу ҳодисани изоҳлашга чақирамиз», — дейилади Германия ҳукумати баёнотида.

РФ ТИВ ТАСС агентлигига маълум қилишича, Навальний заҳарлангани муносабати билан Россия Бош прокуратураси томонидан бир неча кун олдин Германияга жўнатилган сўровга жавоб кутмоқда. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, ҳозирча Кремлга Германия ҳукуматидан ҳеч қандай маълумот келиб тушмаган.

  • Алексей Навальний 20 август куни Томскдан Москвага учаётган самолётда аҳволи ёмонлашганидан буён комада. Унинг яқинлари сиёсатчи заҳарланган, деб тахмин қилишганди.
  • Навальний қарийб икки сутка давомида Омксдаги клиникада ётди, шундан сўнг у Берлинга олиб кетилди. Омскдаги клиника шифокорлари икки сутка давомида уни олиб кетишга рухсат беришдан бош тортди ва буни беморнинг аҳволи барқарор эмаслиги билан тушунтирди. Улар сиёсатчининг организмида заҳар излари йўқлигини айтишганди.
  • «Шарите» клиникаси шифокорлари Навальний олиб келинганидан икки кун ўтиб, у холинэстераза ингибиторлари таъсирида эканини маълум қилганди.
  • Россия Бош прокуратураси текширув ўтказиб, ҳодиса муносабати билан жиноий иш очишга асос мавжуд эмас деб топган.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид