Жаҳон | 22:43 / 07.09.2020
21867
3 дақиқада ўқилади

Саакашвили номзоди Грузия бош вазири лавозимига илгари сурилди

Грузиянинг мухолиф партияси “Ягона миллий ҳаракат” партия асосчиси Михаил Саакашвили номзодини Грузия бош вазири лавозимига илгари сурди. 

Михаил Саакашвили / Фото: Reuters

“Ягона миллий ҳаракат ва мухолифатга кирувчи барча партиялар Саакашвили номзодини Грузия бош вазири лавозимига илгари суриш ҳақида қарор қабул қилди”, деб маълум қилган партия раиси Григол Вашадзе.

Грузияда қидирувда бўлган Саакашвили 27 августда ватанига қайтмоқчилигини маълум қилган. Грузияда 31 октябрда парламент сйловлари бўлиб ўтади. Саакашвили ўз баёнотида охирги йиллар кўп нарсалардан ўтганини ва “ўз давлатига хизмат қилиш ва хатоларга йўл қўймаслик учун” етарлича тажриба ва билимга эга бўлганини таъкидлаб ўтган. Шу билан бирга, у президентлиги вақтида нотўғри ишлар қилганини тан олган.

Ҳозирда Украинада Ислоҳотлар бўйича миллий кенгаш ижроия қўмитаси раҳбари лавозимини эгаллаётган сиёсатчи Украинани “иккинчи уйи” деб атаган.

Бу орада Украина президенти Владимир Зеленский офисида Саакашвили Украинадаги ишини давом эттиришига ишонишлари айтилган. Саакашвилининг Грузияга кетмоқчилигини эса “у кўпинча ортиқча ҳис-ҳаяжонларга берилиши” билан тушунтирилган.

Грузия адлия вазири Тея Цулукиани Саакашвилининг Грузияга қайтмоқчилигига изоҳ берар экан, уни ватанида қамоқ жазоси кутаётганини эслатиб ўтган.

Таъкидланишича, Саакашвилини Грузияда 25-30 фоиз аҳоли қўллаб-қувватлайди. “Саакашвилинининг тарафдорлари унинг ҳибсга олинишига қаршилик кўрсатиши мумкин, бироқ улар бунга эришишлари даргумон. У ҳар қандай вазиятда панжара ортига тушади – грузияликлар собиқ президентга эркинликда бамайлихотир юришига йўл қўймасликларини айтишган. Улар учун энг мақбул вариант – Саакашвилининг буёғига ҳам эммиграцияда қолиши ҳисобланади”, деб таъкидлаб ўтди украиналик ва россиялик сиёсатшунос Ростислав Ишченко.

Саакашвили Грузия президенти лавозимини 2004 йил январдан 2013 йил ноябргача эгаллаган. У ватанини президентлик ваколатлари тугашига бир неча кун қолганда 2013 йилда тарк этган. Шундан кейин унга Грузияда 4 та жиноий иш қўзғатилган. Улардан иккиси бўйича сиртдан ҳукм чиқариб бўлинган. Уларга кўра собиқ президентни ватанида 11 йиллик қамоқ жазоси кутмоқда. 2015 йилда Саакашвили Грузия фуқаролигидан маҳрум этилган.

Мавзуга оид