Жаҳон | 21:11 / 21.10.2024
2305
4 дақиқада ўқилади

«ГРУ» ва «ФСБ» ҳакерлари Грузия ҳукумати ҳамда компанияларини кузатиб келган — Bloomberg

Россиялик ҳакерлар Грузия Ташқи ишлар, Молия вазирликлари ҳамда ҳукуматнинг бошқа идоралари, Грузия Миллий банки, энергетика ва телекоммуникация компаниялари, нефт терминаллари, телеканалларига оид маълумотларни қўлга киритган.

Фото: Bloomberg

Россия Разведка бош бошқармаси («ГРУ») ва Федерал хавфсизлик хизматига («ФСБ») алоқадор ҳакерлар бир неча йил давомида Грузия ҳокимият органлари ва йирик компанияларини кузатиб, муҳим инфратузилмалар фаолиятига аралашиб келган. Бу ҳақда Bloomberg агентлигининг суриштирувида сўз боради.

Кенг кўламли жосуслик ва ҳакерлик ҳужумлари билан боғлиқ кампания ҳужжатлар ҳамда техник ҳисоботларга, шунингдек, ўз исми сир тутилишини сўраган европалик амалдорларнинг баёнотларига асосланган.

Агентлик маълумотларига кўра, жосуслик кампанияси Ташқи ишлар, Молия вазирликлари ҳамда ҳукуматдаги бошқа идоралар, Грузия Миллий банки (марказий банк), энергетика ва телекоммуникация компаниялари, нефт терминаллари, телеканалларига тааллуқли. Аксарият ҳакерлик ҳужумлари 2020 йилги парламент сайловларидан бир неча йил олдин амалга оширилган, аммо Bloomberg манбаларининг айтишича, Россия бу каби операцияларни сўнгги вақтларда ҳам бошлаган.

Агентлик суҳбатдошлари давом этаётган терговга халақит бермаслик учун тафсилотларни ошкор этишдан бош тортган. Айрим ҳужжатларда қатор компанияларнинг номи таҳрирланган, амалдорлар уларнинг номини очишни истамаган.

Суриштирувга кўра, «ФСБ» бир неча ой давомида ТИВ ходимларининг, жумладан, Грузиянинг турли мамлакатлардаги элчихоналари электрон почталарини кузатган. ТИВга қарши операция Turla ҳакерлик гуруҳи томонидан амалга оширилган — у «ФСБ»нинг Рязанда жойлашган 16-Маркази таркибига киради. Бундан ташқари, ҳакерлар Грузиянинг Болтиқбўйи мамлакатлари, Россия, Жанубий Корея, Озарбойжон, Кипр ва Канададаги элчихоналари компютерларига ҳужум қилган. Bloombergʼнинг таъкидлашича, Turla аъзолари «жосуслик билан қатъий иш режимида, душанбадан жумагача шуғулланган. 2020 йил ноябр-декабр ойларида ҳакерлик гуруҳи 114 маротаба ТИВ тармоғига кириб, 2,1 гигабайтлик маълумотларни ўғирлаган.

Россия «ГРУ»си Грузия Марказий сайлов комиссиясининг серверларини бузиб кирган. Шунингдек, Россия ҳарбий разведкаси ҳужумига «Имеди» ва Маэстро» телеканаллари (2019 йилда) ҳамда «Грузия темирйўллари» дуч келган. Россиялик ҳакерлар, шунингдек, Грузия Миллий банкидаги қатор электрон почталарни бузиб кириб, махфий ёзишмаларни ўқиган.

Bloomberg томонидан ўрганилган ҳужжатларда келтирилишича, Грузия агарда «номақбул йўналишда» ҳаракатланишни бошласа, Россия ҳукумати мамлакатнинг энергетика ва коммунал ташкилотлари фаолиятига аралашиши мумкин бўлган. Россиялик ҳакерлар «Теласи» энергетика компанияси ходимларининг хатларини ўқиган ва компания ички видеокамералари орқали ходимлар фаолиятини кузатган.

Бошқа бир ҳолатда Разведка бош бошқармаси электр нимстанцияларини ўчириш ва Грузиянинг айрим ҳудудларига электр энергиясини узатишни тўхтатиш имкониятини қўлга киритган. Шунингдек, кибержиноятчилар Батуми нефт терминали тармоғи фаолиятида нуқсонни аниқлаган ва 2019 йил октябрда кўплаб тизимларни, хусусан, видеокамераларни бузиб кирган. Бундан ташқари, номи ошкор этилмаган иккита нефтни қайта ишлаш заводи ҳам ҳужумга учраган. Ҳакерлар нишонига Skytel интернет-провайдери ҳам дуч келган. Мазкур ҳолатда ҳужжатларда таъкидланишича, ҳакерлар Skytel телекоммуникациясини буткул ўчириб қўя олган.

Грузия Ташқи ишлар вазирлиги «тегишли экспертиза ўтказилмагунга қадар айрим ҳодисаларни баҳолаш ёки квалификация қилиш имкониятига эга эмаслигини» билдирган, Молия вазирлиги эса кибержиноятчиликни тергов қилиш вазирлик ваколатига кирмаслигини таъкидлаган.

Мавзуга оид