Жамият | 14:04 / 08.09.2020
2556
2 дақиқада ўқилади

Ҳомиладор аёлларда коронавирус камдан кам ҳолларда оғир кечади – штаб аъзоси

Ҳозирги вақтда ҳомиладор аёллар инфекцияга кўпроқ мойил эканлиги, вирус ҳомиланинг ривожланишига қандай таъсир қилиши ҳақида тўлиқ далиллар мавжуд эмас. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова АОКАдаги брифингда шу ҳақдаги саволга жавоб берди.

«Бироқ аҳоли орасида ҳомиладор аёлларда иммунитетнинг ўзгариши туфайли инфекциянинг оғирроқ клиник кўриниши ривожланиши хавфи бор, деган хавотирлар мавжуд. Олимлар кузатувлар натижасида шуни аниқладиларки, коронавирус касаллиги ҳомиладор аёлларда камдан кам ҳолларда оғир кечади. 

Ҳомиладорлар орасида юрак муаммолари, астма, қандли диабет, буйрак ёки жигар касаллиги бўлган ҳомиладор аёллар хавф гуруҳига киради. Ҳомиладорлик даврида ўсаётган ҳомила аёлнинг ўпка ва юрагини боса бошлайди, бу эса организмда қон айланишини қийинлаштиради», деди Барно Абдусаматова.

Унинг таъкидлашича, ҳомиладор аёл COVID-19 билан жиддий касалланган бўлса, бу унинг аҳволини ёмонлаштиради ва нафас олишни қийинлаштириши мумкин.

«Шунинг учун бундай аёллар доимий кузатувда бўлишлари шарт.Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҳомиладор аёлларда қуруқ йўтал, ҳарорат кўтарилиши, нафас қисилиши, ҳолсизлик, иштаҳа йўқлиги, мушакда оғриқ аломатлари пайдо бўлганда уйдан чиқмаган ҳолда яшаш манзилидаги участка шифокорига ёки аёллар маслаҳатхоналарига тиббий ёрдам учун мурожаат қилишлари зарур.

Имкон қадар тиббий ёрдам учун эрта мурожаат қилиш ва даволашни эрта бошлаш керак, бу соғайишни таъминлайди», деди штаб вакили.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид