22:23 / 08.09.2020
3745

Сенат қўмитаси раиси: «Йилни молиявий жиҳатдан муваффақиятли якунлаш имкони бор»

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида 2020 йил биринчи ярмидаги иқтисодий кўрсаткичлар хусусида сўз борди. Қўмита раиси, сенатор Эркин Гадоев давлат бюджетининг ярим йиллик ижроси бўйича қисқа ахборот берди.

«Давлат бюджетининг ижроси 2020 йилнинг 6 ойлик якунлари бўйича 58,2 трлн сўмни ташкил қилмоқда. Бу – 2020 йил учун ажратилган бюджетнинг 45,3 фоизини ташкил қилади.

Ўтган йилнинг 6 ойи билан солиштирганда, маблағ тушириш кўрсаткичлари 15 фоизга ошганини кўриш мумкин. Бу яхши кўрсаткич. Бундан келиб чиқадики, йилни муваффақиятли якунлаш имкониятлари мавжуд. Бунинг учун ички имкониятлардан тўла самарали фойдаланиш тақозо этилади», – деди Гадоев қўмитанинг 8 сентябрь кунги йиғилишида.

Эркин Гадоевга кўра, биринчи ярим йилликда маҳаллий бюджет даромадлари кўрсаткичи кутилганидан камроқни ташкил этган.

«Йил аввалида маҳаллий бюджетларнинг даромадлари 11,5 трлн сўм бўлиши белгиланган бўлса-да, бу кўрсаткич 10,2 трлн сўмни ташкил қилмоқда. Бу пандемия шаротида қатор солиқ имтиёзлари берилгани билан изоҳланади.

Маҳаллий бюджетлардаги бу бўшлиқ республика бюджети маблағларидан трансфер йўли билан қоплаб берилди», – дея сенаторнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top