Ўзбекистон | 17:30 / 10.09.2020
4455
3 дақиқада ўқилади

Давлат қарзи қолдиғининг ўсишини шакллантирувчи асосий омиллар очиқланди

Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳини эълон қилди.

Вазирлик 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат қарзи қолдиғининг ўсишини шакллантирувчи асосий омилларни келтирди.

Улар:

- Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзоланган ташқи қарз битимлари доирасида ўзлаштирилган маблағлар қолдиғи 1,1 млрд. долларга;

- Давлат кафолати остида имзоланган ташқи қарз битимлари доирасида ўзлаштирилган маблағлар қолдиғи 0,8 млрд. долларга;

- 3 459,8 млрд. сўм миқдорида давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши ҳамда 450 млрд. сўмгa тенг ички қарздорлик сўндирилиши натижасида давлат қимматли қоғозлари қолдиғи 3 009,8 млрд. сўмга ошди.

Давлат қарзи ЯИМга нисбати 2020 йил бошига нисбатан 3,5 фоизга ошган (31.12.2019 й. ҳолатига 30,5 фоиз). Давлат қарзининг ЯИМга нисбати ўзгаришининг 4,1 фоизи Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарзларнинг ўзлаштирилиши, 2,2 фоизи номинал айирбошлаш курси ўзгариши, -0,8 фоизи реал ЯИМ ўсиш суръати, -1,1 фоизи давлат қарзи бўйича асосий қарз тўловлари, -0,9 фоизи бошқа омиллар ҳиссасига тўғри келди.

2019 йилнинг 1-ярим йиллиги билан таққослаганда 2020 йилнинг мос даврида:

- реал ЯИМ ўсиш суръатининг давлат қарзининг ЯИМга нисбатига таъсири камроқ бўлиб, бу мазкур даврда реал ЯИМ ўсиш суръатининг пастроқ суръат билан ўсгани билан изоҳланади;

- ўртача номинал айирбошлаш курсининг қадрсизланиши давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 фоизга кўпроқ ошишига сабаб бўлган (2019 йилнинг 1-ярим йиллигида 0,6 фоиз);

- Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарзлар бўйича ўзлаштириш 2 млрд. долларга камроқ бўлган. Шуни таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг мос даврида 1 млрд. АҚШ долларга тенг Ўзбекистон Республикасининг илк суверен халқаро облигациялари жойлаштирилган, шунингдек “Шўртан газ-кимё комплексида ишлаб чиқарилаётган тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” (GTL) лойиҳаси доирасида қўшимча 975 млн. маблағлар ўзлаштирилган.

2020 йилнинг 1-ярим йиллиги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 29,4 фоизи ёки 5,1 млрд. доллари энергетика соҳасига, 13,0 фоизи ёки 2,2 млрд. доллари транспорт транспорт инфратузилмасига, 12,9 фоизи ёки 2,2 млрд. доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.

Мавзуга оид