Ўзбекистон | 07:59 / 10.09.2020
8098
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги спорт мактаби биносида марихуана қовураётган шахслар ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йилнинг 5 сентябрь куни соат 23:30да, ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари ўзларига бириктирилган Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри Ўзбекистон кўчасида тунги хизматни олиб бораётган вақтларида, мазкур ҳудуддаги “Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби” биносидан ўзига хос ҳид таралаётганлигини билиб, текшириш мақсадида бино хонасига киришган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, хонада мактабнинг қоровули бўлиб ишловчи 38 ёшли Т.Б. ва 29 ёшли Д.О. электр плитаси ёрдамида ошхона қозонида ўзига хос модда қовураётганликлари аниқланиб, бу ҳақда шаҳар ИИБга хабар берилган.

Мазкур хабар асосида тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида, хонада бўлган телевизор коробкаси ва ёғоч фанера устидаги ёйиб қўйилган яшил рангдаги, ўзига хос ҳидли модда, 4 дона гугурт қутиси ва 2 дона 0.5 литр ҳажмдаги банкаларда қуритилган модда ҳамда чекиш учун махсус мослама аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Судга оид кимёвий экспертиза хулосасига қўра, Т.Б.дан олинган ўсимлик туп гуллари ва баргларидан ташкил топган, ҳўл ҳолдаги таркибида фаол гиёҳванд модда, тетрогидроканнабинол мавжуд бўлган ўсимлик бўлиб, бу модда “марихуана” деб аталиши ва уларнинг соф оғирлиги жами 5.7 кг.ни ташкил қилиши аниқланган.

Бундан ташқари, ҳодиса жойидан олинган икки дона баклажка, 1 дона шиша идиш ва қопқоқ (ангишвона)да фаол гиёҳванд модда, тетрогидроканнабинол юқлари мавжудлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳри ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича мажмуа қоровули Т.Б. ушбу куни гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиш учун ўзининг таниши Д.О.ни спорт мактаби ҳудудига чақирганлиги аниқланган.

Ҳозирда Т.Б. жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Тергов жараёнида ҳар иккала фуқаронинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Мавзуга оид