12:14 / 11.09.2020
4873

«Прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилди». Молия вазири бюджет ижроси бўйича Сенатда маълумот берди

Молия вазири Тимур Ишметов давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллик ижроси якунлари бўйича Сенатда ахборотини ўқиб эшиттирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Вазирнинг айтишича, ушбу даврда асосий эътибор маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилган тадбирларнинг бажарилишига қаратилган.

«Ҳисобот даврида давлат бюджетининг даромадлари 58 трлн. 157 млрд сўмни, харажатлари эса 64 трлн. 879 млрд.сўмни ташкил этиб, давлат бюджети 6 трлн. 722 млрд сўм ёки ЯИМ га нисбатан 2,6 фоиз миқдорида тақчиллик билан ижро этилди.

Шундан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадлари 12,9 трлн. сўмни ташкил этди ёки 14 фоиз ортиғи билан ижро этилди. Жорий йил биринчи ярим йиллигида барча ҳудудлар учун белгиланган прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилди. Натижада маҳаллий бюджетларда прогнозни ошириб бажариш ҳисобига 1 трлн. 416 млрд сўм қўшимча манба шакллантирилди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 131,8 млрд.сўм, Сурхондарё вилоятида 105,5 млрд.сўм, Бухоро вилоятида 120,9 млрд.сўм, Жиззах вилоятида 88,5 млрд.сўм прогноздан ортиқча маблағ шакллантирилди.

Бундан ташқари, 2020 йилдан бошлаб, ҳудудларда республика бюджетига ажратма қилинадиган солиқлар бўйича ҳам прогноздан ортиқча тушган маблағлар маҳаллий бюджетга ажратма қилиниши белгиланган эди. Шунга кўра, ҳисобот даврида 210 млрд. сўм маблағ маҳаллий бюджетларга қайтарилди. Мисол учун, Тошкент шаҳрига 127 млрд сўм (Фойда солиғидан 8,8 млрд.сўм, жисмоний шахслар даромад солиғидан 118,5 млрд.сўм) маблағ ўтказиб берилди», — дейди у.

Ишметовнинг таъкидлашича, прогнозни бажарилишида айрим камчиликлар ҳам мавжуд. Хусусан, ҳисобот даврида айланмадан олинадиган солиқ бўйича йиллик белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши орқада қолмоқда.

«Масалан, ушбу солиқ тури бўйича йиллик прогноз Қорақалпоғистон Республикасида 12,2 фоизга, Бухоро вилоятида 20,9 фоизга, Тошкент шаҳрида 22,1 фоизга, Тошкент вилоятида 23,2 фоизга, Қашқадарё вилоятида 25,4 фоизга бажарилди холос.

Шунингдек, ҳисобот даври учун белгиланган прогноз кўрсаткичлари якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи бўйича Тошкент вилоятида 5,8 млрд сўмга (93,9%), Навоий вилоятида 1,4 млрд сўмга (94,7%), Қашқадарё вилоятида 3,1 млрд сўмга (95,5%) бажарилмай қолди.

Бу ҳолатлар асосан карантин чекловлари сабабли, иқтисодий фаолликнинг камайиши ва корхоналар тўлов қобилиятининг пасайиши билан изоҳланади», — дея изоҳ берди у.

Маълумот учун, Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев давлат бюджетининг ижроси 2020 йилнинг 6 ойлик якунлари бўйича 58,2 трлн сўмни ташкил қилгани ҳақида маълумот берганди. Бу – 2020 йил учун ажратилган бюджетнинг 45,3 фоизини ташкил қилади. Ўтган йилнинг 6 ойи билан солиштирганда, маблағ тушириш кўрсаткичлари 15 фоизга ошган.

Top