Шавкат Раҳмоннинг сири. Шоирни ёдга олиб
Баъзи кишиларга нисбатан, «Шу одамнинг қандайдир сири бор, сурони босади», дейишади. Шоирлар ичида ҳам ана шундай сирли шахслар бўлади. Уларга рўпара келганингда ўзингни йиғиштиришга, гапларингни тарозига солиб сўйлашга, хуллас, жиддийроқ кўринишга беихтиёр уринасан. Бу жиҳат мазкур одамнинг келбати, саҳти-сумбати билангина боғлиқ эмас.
Хўп, Шавкат Раҳмоннинг сири, салобати нимада эди?
* * *
Устоз Шавкат Раҳмонни биринчи марта 1988 йил август ойида «Дўрмон»да ўтказилган ёш ижодкорлар семинарида кўрганман. Омадим чопиб, у киши раҳбарлик қилган гуруҳга тушиб қолибман. Омадимга бир қувонсам, чиғириқдан ўтаманми-йўқми деб ўн қайғураман. Семинарда Шавкат акадан ташқари Омон Матжон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, раҳматли Азим Суюн ва яна кўплаб шеърият юлдузлари иштирок этганди. Ҳозир ном чиқарган тенгдошларимнинг аксари ўшанда кашф этилган. Айниқса, дўстимиз Ғулом Мирзонинг ўйноқи ва ўзига хос латиф шеърлари тоза шов-шув бўлганди.
Мен ўзимча услубий тажрибалар қилиб, гоҳ Муҳаммад акаларга, гоҳ япон хойкуларига тақлидан машқда юрган пайтларим эди. Лекин мен энг оригинал шоир деб, албатта, Шавкат Раҳмонни тан олардим. Очиғини айтсам, унинг туғёни баланд, қофиялари чийралган шеърларига ўхшатиб ёзишни хаёлимга келтиролмасдим. Шоир сўзларининг кескирлиги, қиррадорлиги, миллийлиги менда ҳавас уйғотгани аниқ.
Тобора тушларим қизиқ тус олар,
Тобора қисқарар қуш тушларидай.
Кўпинча учаман, узоқ учаман
Шундоқ теракларнинг уч-учларида...
Шу билан бирга, жасорат балқиб турган руҳи бутун шеър эгасининг ғойибона салобатини ҳам ҳис қилиб турардим.
Қуръа эълон қилиниб, гуруҳлар ажралгач, бирдан кўнглимда Шавкат Раҳмондек улуғ шоир менинг рамақижон битикларимга қандай муносабат билдирар экан, ҳарҳолда, тақлидимни илғаб қолиб, «Сиз, болажон, яхшиси, бошқа юмуш пайида бўлинг, дард ҳам, дармон ҳам йўқ», деворса-чи, деган ҳадик бош кўтарди. Фарғонада курсдошларим билан «энг урфдаги шоир» деб Шавкат Раҳмонни билардик, «Уйғоқ тоғлар» китобини аксаримиз ёд олгандик. Тошкентга йўлга чиқаётганимда кўпчилик қизлар устоздан дастхат олиб келинг, деб китобларидан берворишганди.
Ўша даврда шоирлар бугунги блогерлар вазифасини ҳам ўтаб, турли ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқарди. Ҳозир шеърият қанчалик «ўз кўнгли»га кириб кетган бўлса, унда кўнгилга урадиган даражада бозорбоп мавзулар қофияга солинарди. Тўғри, у шеърларнинг кўпчилиги бугун ўқилмайди, эсланмайди ҳам. Лекин истеъдод («Бир минг бир юз бир шоир» шеърида уқтирилганидек) ҳар қандай муҳитда ҳам ўлмас асарларини ёзаверар экан.
Шавкат Раҳмоннинг ижтимоий муаммолар акс этган шеърлари бугун ҳам ўқилмоқда, ёд олинмоқда. Ўйлайманки, эртага ҳам шундай бўлажак! Муаммо эскириши мумкин, давр ўзгариши аниқ, лекин самимий, беғараз сўз санъаткорининг қалб оғриғи юраги бор одамга таъсир қилаверади.
Масалан, «Ёвга терс қараган мусулмон эмас!» деган ҳайқириқ ёки «Ҳар қачон мусулмон – миллатим дедим», сингари ингроқ, «Шеър ёзиб ўлтирар лашкарбошилар»дек шивир виждони соғ одамни ухлатмаслиги кундай аён. Ўзбекнинг аччиқ қисмати, туркийларнинг бирлаша олмаслик фожиаси ҳақида битилган шеърлари... Ўзган, Ўш манзаралари, Барокўҳ пойида яшаб, тоғга бир бор чиқмаган инсон кечинмалари... бари-бари қанчалар заҳаролуд бадиият билан чизилган мангу суратлардир...
* * *
Семинарнинг ҳар кунида ўнга яқин ёш ижодкорнинг шеърлари таҳлил қилинарди. Менинг ҳам 50-60та машқларим жамланган қоғозжилд уч кундан бери столнинг устида. Унинг тепасидан жилд олинган сари менинг елкамни юк босади («Ҳукм кутаётган маҳкумман, ҳукм кутишга маҳкумман»). Ниҳоят навбат етди. Азим жўка пойида, суви тиниқ тортган ариқ лабида юрагимни ютиб турибман. Гўё гуноҳ иш қилиб қўйган одамдек беҳаловатман. Ҳатто кетворсаммикан, обрў борида қочворсаммикан, деган ўй ҳам йўқ эмас.
Лекин Шавкат Раҳмон ўзига хос сокин, ташқаридан қараганда ҳаяжон бегона овоз билан ёзганларимни таҳлил қилиб, ўзимга ҳам тушунтириб қўйди (Устознинг шарҳлари сўзма-сўз эсимда қолган, аммо ҳозир ёзсам, нокамтарлик кўринади). Гапини «Шу боланинг изланишлари маъқул», деб якунлади. Энди тушунсам, бу – катта шоирнинг ҳавасманд укага марҳамати, ўқисанг, излансанг яхши шоир бўлишинг мумкин, деган ишораси экан. Мен қизариб-бўзариб, сўзсиз бош ирғаб туравердим. Сири босди-да, сурони босди-да устознинг...
* * *
Ўзбек шеъриятига бошқа халқларнинг даҳолари таъсирини адабиёт тарихи ихлосмандлари яхши билади. Масалан, ўз вақтида Муҳаммад Фузулий Қўқон адабий муҳитигача жуда кучли таъсир ўтказиб, қипчоқ қавмига мансуб бўлган аксар ижодкорлар ҳам менни бан, этмасмидим сўзини этмазмидим деб озар лаҳжасида ёзишгача борган.
Замондош Расул Ҳамзат ўз халқини кўкларга кўтариб, тили, тутимлари ҳақида жуда баланд шеърлар ёзди. Ва бу шеърлар собиқ шўро даврида жуда кенг тарғиб қилинди, чунки бу муносабат ўша давр сиёсатининг бир бўлаги эди. Яъни майда миллатга ҳам бизда бағрикенглик бор, улар ўз тилини, урф-одатини, тилагини бемалол баён этиши мумкин, деган иддао бор эди. Расул оғанинг ўзига хос ижодий жасорати шўро иттифоқи миқёсида кенг тарқалиб, кўп қатори бизнинг ижодкорларга ҳам юққани яхши маълум («Расул шеъри учди кўп йироқ, Қанотида кумуш диёри» каби дастлабки вариантлар бежиз яралмаган).
Кейин қозоқ ва турк эли шоири Ўлжас Сулаймоннинг ижоди, изланишлари, туркийлар ва уларнинг тарихи ҳақидаги оммабоп фикрлари жуда шуҳрат топди. Ўлжаснинг Алибек оқин тўғрисидаги шеърлари, ирчи руҳидаги қўшиқлари ўзбек шоирларининг янги қирралари очилишига сабаб бўлди.
Агар ҳар қандай шоирнинг ижодига чуқур тушиб борилса, ўзан қаердан сув олаётганини билиш қийин эмас. Фақат... Шавкат Раҳмон бундан мустасно. У мабодо бошқа манбадан таъсирланган бўлсаям, истеъдоди онқадарким, мавзуни ўзиники қилиб ҳалоллаб олган, ўзбекнинг дўпписини бошига кийғизиб, шоҳи қийиқ боғлаб юборган.
Унинг шеърларидаги оҳангни қаранг, худди саман от туёғи билан булутларни тўзғитиб, мовий кенгликларда учиб кетаётгандек, гўё улуғвор денгиз долға уриб тебраниб тургандек, гўё бел боғлаган қамишлар бир тўқай бўлиб шовуллаётгандек, дарада йирик-йирик томчилар ёмғир шаклида тўкилаётгандек, буталар ҳосил қилган чаман йўлаклар оралаб оқ рўмол сирғалиб бораётгандек таассурот уйғотиб, димоғингга ўша лаҳзалар ифорини тутади...
* * *
Ҳар бир шаклланган шоирнинг ўз таянч нуқтаси бўлади. Шавкат Раҳмоннинг ўша жон жойи — иймон эди. Истаган шеърни олиб қарайдиган бўлсак, иймон садоларини, Билол айтган азонлар жимирлашини, чангак виждон томирлари қийноқларини, таъқиб қилинаётган эътиқоднинг йиғисини илғаш мумкин.
Шавкат Раҳмоннинг сири, сурони, салобати ана шунда эди!
* * *
Мен Шавкат ака билан бирга ишлаб, суҳбатларидан билдимки, бу одам иймони саломатлиги сабаб ҳаммага ишонар, барчани ўзидек озодакўнгил биларкан. Қараб турсам, Шавкат Раҳмон бизнинг даврга аллақайси покдомон замонлардан адашиб келиб қолгандек кўринарди.
Шоир сўзларни қайрайди. Шоирни нима қайрайди? Дардми, қайғуми, фожиами, туҳматми? Истеъдодни қайси туйғу тоблайди ўзи? Инсон табиати ҳайратланарли даражада мураккаб. Сенинг қаршингда турган одам аслида бутунлай бошқа кимса бўлиб чиқиши табиий ҳолдек кўринади.
Саксонинчи йилларда шов-шув кўтарилиб, шинғови Фарғонанинг пахта пайкалларигача етиб борганди. «Нима дейсан, Шавкат Раҳмоннинг устидан бир гуруҳ истеъдодсизлар, ғаламислар туҳмат, бўҳтонлардан иборат хат ёзибди. Шундай миллатпарвар шоирни ёмон кўрадиганлар ҳам бор экан-да?»
У пайтдаги ўсмир ақлимиз ҳали инсонни яхши танимаганидан изтиробу тангликда қолгандик. Кейинроқ Шавкат Раҳмоннинг «Юмалоқ хат ёзмас гўзал гиёҳлар» сатри кўп исботини топди. Катта истеъдодлар ҳамиша тепадагиларга ноқулай шахс ҳисобланган. Туркийлар бирлиги йўлида Чингиз Айтматовга камарбаста бўлган, Туркистон ассамблеяси котиби, ўжар шоир Шавкат Раҳмон оқимга ҳалақит бера бошлаганди. Юмалоқ хат баҳона уни ишсиз қолдиришди.
* * *
Шавкат Раҳмонга номинг ўчгур дард ёпишиб, тўшакка ётқизиб қўйган пайтлар «Дўрмон»даги далаҳовлисига кўп бор йўқлаб бордик. Очиғи, бу йўқлаш мен учун жуда оғир кечарди. Қиличдай йигитнинг чорасиз аҳволини кўриш жуда оғриқли эди.
Бир куни дарвозадан кириб борсак, у киши каравотда ётар, раҳматли Муҳаммад Раҳмон ва яна бировлар сўрида ўтириб, гурунглашарди. Биз ҳам салом-аликлашиб, даврага қўшилдик.
Тепадаги сўриток шаббаси оралаб Шавкат аканинг юзига қуёш парчаси тушиб қолди. Муҳаммад Раҳмон «Каравотни сояга суриб қўйинглар», деб бизга юзланди. Бош тарафдан мен, у ёндан яна кимдир кўтарди. Мен салобатли ўша Шавкат Раҳмонни кўтаряпман, деган хаёлда куч билан даст тортибман. Гўё каравотда ҳеч ким йўқдек, шоир дард чекавериб укпардай енгил бўлиб қолган экан. Ўшанда ичимда бир нарса ўпирилгандек бўлди. Шавкат Раҳмон менинг ўйимдан хабардор, изтиробимдан бохабар, аммо юз-кўзи хотиржам, нигоҳлари сокин эди.
Кўп ўтмай «Шавкат Раҳмон оламдан ўтди», деган юракларни ларзага солган шум хабар тарқалди...
Жанозага жуда кўп одам йиғилди...
(«Ўлимга бош эгдим қўрққанимданмас, Ҳурмат қилганимдан бошимни эгдим»).
Кейин... қабристондан қайтишда одамлар бир-бирининг кўзига қаролмаётгандек туюлди. Ҳамма ўзини нимададир айбдор деб ҳис қилаётгандек. Балки, шундай адл одамга муносиб миллатдош бўлолмагани, чақириқларига жавоб беролмаганлиги учун боши хам бўлиб, кўзлари қуйи энгандир...
Балки, улуғ шоирнинг бизга номаълумлигича қолган сири ҳаммамизнинг елкамиздан баравар босгандир...
Иқбол Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири.