Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Маҳалла ва оила» илмий тадқиқот институтига директор тайинланди
Педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиева Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтининг директори этиб тайинланди.
ЎзА хабарига кўра, 15 сентябрь куни мазкур тайинлов ҳақидаги ҳукуматнинг 553-сон қарори қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти президентнинг шу йил февралдаги фармони асосида, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда «Маҳалла» ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида ташкил этилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тузилмасига ўтказилган эди.
Институтнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- жамиятда «обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасидаги устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш;
- фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш;
- маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш;
- маҳаллалар ва оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, умуминсоний ва миллий, шу жумладан оилавий қадриятларни мустаҳкамлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;
- маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
- маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш, шунингдек ушбу соҳада юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириб бориш;
- институт фаолияти йўналишлари бўйича таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, хорижий мамлакатларнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш.