Жаҳон | 20:58 / 16.09.2020
5777
2 дақиқада ўқилади

Бинямин Нетаняху номзоди тинчлик бўйича Нобель мукофотига илгари сурилди

Италия парламенти депутатлар палатасининг “Шимол лигаси” партиясидан аъзоси Паоло Гримолди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг номзодини тинчлик бўйича Нобель мукофотига илгари сурди. Бу ҳақда Исроилнинг “Маарив” нашри маълум қилди. 

Биньямин Нетаньяху / Фото: AP

Гримолдининг таъкидлашича, Исроил бош вазири БАА ва Баҳрайн билан муносабатлар яхшиланиши ҳақидаги келишувларни имзолаб ҳамда Саудия Арабистони билан мулоқотдаги илгарилаш билан Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишига катта ҳисса қўшди. “Бу барча ютуқларни бир неча ой олдин хаёлга ҳам келтириб бўлмасди. Айнан шунинг учун ҳам Нетаняху тинчлик бўйича Нобель мукофотини олишга муносиб”, деб айтган италиялик депутат.

15 сентябрда Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокида Исроилнинг БАА ва Баҳрайн билан тарихий келишувларни имзолаши маросими бўлиб ўтди. Бундан ташқари, ушбу учта давлат АҚШ билан бирга “Авраам келишувини” имзолади. Бу ҳужжатда Яқин Шарқда тинчликни ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар рағбатлантирилиши таъкидлаб ўтилган.

Аввалроқ Норвегиянинг Конгресс партияси аъзоси Кристиана Тюбринга-Йедде АҚШ президенти Доналд Трампнинг номзодини Исроил ва араб давлатларининг келишувга эришишидаги саъй-ҳаракатлари учун тинчлик бўйича Нобель мукофотига илгари сурганди. Бундан ташқари, Швеция парламенти аъзоси Магнус Якобссон ҳам Трампни ва Сербия ҳамда Косово ҳукуматларини “тинчликка эришиш ва иқтисодий ривожланишдаги” биргаликдаги иши учун ушбу мукофотга илгари сурди.

Мавзуга оид