Жаҳон | 20:31 / 17.09.2020
22393
2 дақиқада ўқилади

Навальний Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилди

Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилди. Бу ҳақда россиялик олим, Нью-Жерсидаги Ратгерс университети профессори Сергей Ерофеев маълум қилган. Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ҳам мукофотга номзод сифатида таклиф қилинганди.

«Россия билан шуғулланувчи таниқли университетларнинг бир қатор профессорлари уни (Алексей Навальний - таҳр.) Нобель мукофотига номзод сифатида илгари суришган», дея ёзган у фейсбукдаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, Алексей Навальнийни қўллаган олимлар орасида аввал унинг фаолиятига салбий муносабатда бўлган, кейин эса фикрини ўзгартирган олимлар ҳам бор. Ерофеев «Дожд» нашрига берган изоҳида унинг номзодини кўрсатганлар орасида «катта одамлар» ҳам борлигини қайд этиб ўтган.

Нобель жамғармаси уставига кўра, дунёнинг исталган давлатининг парламенти ва ҳукумати аъзолари, халқаро судлар вакиллари, университетлар ректорлари, ижтимоий фанлар, тарих, фалсафа, ҳуқуқ ва теология фанлари профессорлари, илмий-тадқиқот институтлари директорлари, Нобел мукофоти соҳиблари, мукофот билан тақдирланган ташкилотлар кенгашлари аъзолари ёки Нобель қўмитаси аъзолари ва маслаҳатчилари Нобель мукофотига номзодни кўрсатиши мумкин. Бунда номзодга қандайдир муайян талаблар йўқ. 

Маълумот учун, шу вақтгача Россия фуқаролари Нобель мукофотига сазовор бўлмаган. СССР даврида Андрей Сахаров (1975 йил) ва Михаил Горбачёвга (1990 йил) мукофот берилган.

Алексей Навальний 22 августдан буён Берлиндаги «Шарите» клиникасида ётибди. У 20 августдан 7 сентябрга қадар кома ҳолатида бўлди. Германия ҳукумати у Россияда «Новичок» турига кирувчи модда билан заҳарланганини таъкидламоқда. Россиялик шифокорлар эса сиёсатчидан Омскда олинган тестлар натижалари заҳар борлигини кўрсатмаганини айтишмоқда, ҳукумат Германиядан сиёсатчининг таҳлил намуналарини сўрамоқда.

17 сентябрь куни Европа парламенти Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан Россияга қатъий санкциялар жорий этишни назарда тутувчи резолюция қабул қилди.

Мавзуга оид