12:01 / 18.09.2020
4494

Жаҳон банки 2020 йил учун инсон капитали индексини эълон қилди. Унда Ўзбекистон ҳам илк маротаба иштирок этди

Жаҳон Банки томонидан дунё давлатларининг 2020 йил учун инсон капитали индекси эълон қилинди. Дунё аҳолисининг 98 фоизи истиқомат қилувчи 174та мамлакат иштирок этган мазкур рейтингга илк маротаба Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига оид маълумотлар ҳам киритилган.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси хабарига кўра, ушбу маълумотлар 2020 йил март ойигача бўлган даврни қамраб олади ва пандемиягача болалар саломатлиги ва таълимининг асосий кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади.

Индекс қиймати 0дан 1гача интервалда бўлиб, қиймат 1га яқинлашиши бугунги болаларнинг келажакда қай даражада етук инсон бўлиб шаклланишини кўрсатади.

Ушбу тадқиқотларда илк маротаба иштирок этган Ўзбекистон 62 фоиз натижа кўрсатган. Яъни Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари ичида Беларус Республикаси, Россия ва Қозоғистондан кейинги ўринга жойлашган. 

Марказий Осиё мамлакатлари миқёсида эса Қозоғистон ва Ўзбекистондан ташқари, Қирғизистон 60 фоиз, Тожикистон 50 фоиз натижа кўрсатган.

image_2020-09-18_10-50-54.png

2020 йилга қадар Ўзбекистоннинг маълумотлари «Инсон капитали индекси» рейтингида эълон қилинмаган. Ўзбекистон томонидан фақат соғлиқни сақлаш ва иқтисодий кўрсатгичлар тақдим этилган ва бу Жаҳон банки томонидан қабул қилинган. Бироқ, 2017 йилга қадар мамлакат мактаб ўқувчиларини билимини аниқлаш учун ўтказилган мониторинг ишлари халқаро стандартларга мос равишда эмаслиги сабабли таълим сифати (ўқувчиларнинг билимини баҳолаш) бўйича тақдим этилган маълумотлар қабул қилинмаган. 

Юртимизда мавжуд таълим сифати бўйича ишончли маълумот тақдим этиш учун 2019 йилнинг ноябрь ойида Таълим инспекцияси Жаҳон банки билан ҳамкорликда TIMSS халқаро тадқиқотлари саволлари асосида математика бўйича мактаб ўқувчиларининг билими ўрганилган эди. Мазкур синовларда мактаб ўқувчилари қайд этган натижалар ҳам юртимизда инсон капиталини аниқлашда муҳим маълумот бўлиб хизмат қилган.

Жаҳон банки Инсон капитали индекси доирасида боланинг ривожланиш траекторияси (туғилганидан вояга етгунича) қатор муҳим кўрсаткичлар бўйича баҳоланади:

  • тирик қолиш эҳтимоли (туғилганидан 5 ёшгача);
  • бошланғич ва ўрта мактабда кутилаётган таълим сифатига қаратилган ўқиш давомийлиги;
  • ривожланиши орқада қолаётган болалар фоизи;
  • катта ёшдаги авлоднинг яшовчанлиги.
Top