Жаҳон | 15:42 / 19.09.2020
3873
2 дақиқада ўқилади

Мадридда карантин қайтадан жорий этилади

Чекловлар жорий этилган районларда 855 мингга яқин киши яшайди – бу Мадрид региони аҳолисининг 17 фоизини ташкил этади.

Фото: REUTERS/Nacho Doce

Испаниянинг Мадрид автоном ҳамжамияти ҳукумати 21 сентябрдан карантин чекловларини қисман тиклайди. Бу ҳақда El Pais газетаси хабар бермоқда. Қисман карантин камида 14 кун амал қилади.

Чекловлар 36та ҳудудда жорий этилади. Уларнинг 26таси Мадриднинг олтита районида, қолганлари эса шаҳар четида жойлашган. 

 Карантин киритилган ҳудудларда аҳолига зарур ҳоллардан ташқари ўз районларини тарк этиш тақиқланади. Олти нафардан ортиқ кишининг гуруҳ бўлиб тўпланиши мумкин эмас. Жамоат парклари ёпилади. 

Чекловлар жорий этилган районларда 855 мингга яқин киши яшайди – бу Мадрид региони аҳолисининг 17 фоизини ташкил этади.

 17 сентябрь кунги маълумотларга кўра, Мадридда охирги икки ҳафта ичида бир суткада касаллик аниқланиш ҳолатлари 100 минг кишига ўртача 659тани ташкил этган. Бу бутун Испания бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп. Шаҳардаги шифохоналарнинг 21 фоизига COVID-19 беморлари жойлаштирилган.

Испанияда бугунга қадар 640 040та коронавирус юқтириш ҳолати ва 30 495та ўлим қайд этилган.

Аввалроқ Исроил қайтадан умуммиллий карантин жорий этганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид