16:48 / 19.09.2020
22824

Организм учун кислороддан кейин энг зарур модда. Сувнинг аҳамияти ва коронавирусга қарши курашдаги ўрни ҳақида

Биз ҳар куни ишлатадиган ва одатда эътибор қилмайдиган унсур – сувнинг қиймати шундоқ ҳам йилдан-йилга ортиб бораётган эди. Пандемия даврида унинг аҳамияти янада ошиб кетди. Чунки инсон организми учун кислороддан кейин энг зарур модда бу шубҳасиз сувдир.

Қизиқарли фактлар:

  • Организмнинг бор йўғи 2 фоиз сув йўқотиши қаттиқ ташналикка олиб келади. 10 фоизли йўқотиш эса ҳаёт учун хавфли, 12 фоизли кўрсаткич қайтмас жараёнларга сабаб бўлиши мумкин;
  • Юракнинг нормал ишлаши учун ҳар куни 6 стакан тоза сув ичиб туриш жуда самарали эканлиги исботланган. Аммо бу миқдорни барча касалликлар учун деб қабул қилмаслик керак (бу ҳақда қуйироқда);
  • Сув Ер шарининг 70 фоиздан ортиқ ҳудудини эгаллаб туради. Аммо унинг фақат 3 фоизигина чучук сув бўлиб, ўсимликлар, жонзотлар ва инсоният эҳтиёжига тўғри келади;
  • Кўпчилик сувни 0 даражада музлайди деб ҳисоблайди ва умуман олганда бу тўғри. Лекин юқори даражада тозаланган сув – 42 даражагача ҳам музламаслиги мумкин. Чунки муз айнан сувдаги турли бошқа унсурлар атрофида ҳосил бўлади;
  • Сувнинг хотирага эга эканлиги қатор тажрибаларда исботланган. Тоза сувга қарата ёқимли куй таратиб кўрилган, ҳақоратли сўзлар билан таҳдид қилинган, атрофда шовқин солинган ва тартибсизликлар уюштирилган. Атроф-муҳитдаги ҳолат сувнинг таркиби бузилишида роль ўйнаган ва бу билан сувнинг ахборот қабул қилишини исботлаган;
  • Ўртача 70 йил умр кўрган инсон тахминан 35 тонна сув истеъмол қилади. Лекин бугунги кунда камида 1 млрд одам тоза сувда маза қилиб чўмилиш тугул тўйиб тоза сув ичишни ҳам орзулаб яшайди. Агар сиз сувга тўяётган ва покланаётган бўлсангиз, қандай буюк неъмат ато этилгани ҳақида ҳам бир ўйлаб кўринг ҳамда сувни исроф қилманг;
  • Сўнгги 50 йил ичида дунёда сув ресурслари устида 500 дан ортиқ зиддиятлар келиб чиққан ва уларнинг 21 таси ҳарбий ҳаракатларга уланиб кетган;

Сувнинг COVID-19'га қарши курашдаги аҳамияти

Ҳар қандай касалликка қарши курашда ҳам сувнинг ўз ўрни бор. Аммо 2020 йил пандемияси ҳисобланган коронавирус инфекциясига қарши курашда сувнинг аҳамияти жуда катта:

1. Қўлларни мунтазам ювиб юриш шартлиги узлуксиз такрорланяпти;

2. Дезинфекция воситаларини аксарияти сув асосида;

3. Шифохоналар, гавжум жойлар, ўқув масканлари ва умуман инсон бор ҳар қандай жой бир неча карра кўпроқ тозаланишига зарурат туғилди;

4. Энг муҳими – айнан бу касалликда организмнинг сувсизланиши асло мумкин эмаслиги қайта-қайта таъкидланди.

Хўш, коронавирусга чалинганда сувсизланиш нимаси билан хавфли?

Коронавирус инфекцияси туфайли келиб чиққан COVID-19 касаллигининг ўзи инсонни ўлдирмайди. Аммо у туфайли пайдо бўлган асоратлар организмда қайтмас жараёнларни туғдириши ва ўлимга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳали бу касалликнинг ўзи, асоратлари ва у туфайли келиб чиққан ўлим сабаблари бир неча ўн йиллар давомида юзлаб-минглаб тадқиқотлар мавзусига айланади.

Аммо ҳозирданоқ аниқ бўлган жиҳатлар бор – бу касалликда иштаҳа йўқолиши ўз-ўзидан кам истеъмолга, тез нафас олиш ва юқори ҳарорат суюқлик йўқотишга сабаб бўлади ва шу каби омиллар бирлашиб, организм сувсизланишига олиб келиши мумкин. Бу кейинги муаммолар туғдиради: шиллиқ қаватлар қурийди, интоксикация бошланади, қон қуюқлашади ва бу ўлимга олиб келувчи омиллардан бири – тромблар ҳосил бўлишига замин яратади.

Қанча сув ичмоқ даркор?

Ҳаммаси индивидуал. Вазн, ҳаракат, ёш, ёндош касалликлар, ейилаётган таом, қабул қилинаётган дори-дармонлар каби омиллар ҳисобга олинади. Лекин бу касалликда кўпчиликка мос келувчи умумий тавсиялар бор – болалар 2-3 литр, катталар 3-5 литр сув (ёки турли шаклдаги суюқликлар) ичишлари шарт. Сув ўрнини компот, шарбатлар, турли хил дамламалар ҳам босиши ва яхши фойда бериши мумкин. Лекин газланган ичимликлар мумкин эмас.

Сувни оз-оздан, мунтазам, кўнгилга тегмайдиган миқдорда истеъмол қилиш керак. Ичилаётган сув тозалигига аҳамият бериш лозим, агар шубҳа бўлса, қайнатиб ичиш шарт.

Аброр Зоҳидов.

Top