Бугун «пластик балоси» том маънода инсоният учун жиддий хавфга айланди. Олимлар томонидан бир асрда ўтса-да чиримасдан туравериши айтилган пластик табиатнинг кушандасига айланмоқда.

Ҳар йили Ер юзи бўйлаб ўртача 300-400 млн тонна пластик чиқинди чиқади. Унинг чорак қисми дуч келган жойларга улоқтирилади. Сўнгги йилларда бу кимёвий маҳсулот океанларнинг энг тубидан тортиб, то дунёнинг энг баланд нуқтаси — Жамолунгма чўққиси этакларигача етиб борди.

Тартибсиз равишда ташланган пластикларнинг бир қисми қуруқликда сочилиб ётган бўлса, бошқа бир қисми йирик дарёлар орқали дунё океанига чиқиб кетяпти.

2019 йилда дунёнинг 194 та давлати дунё океанига пластик чиқиндилар ифлосланишини бартараф этиш ҳақидаги резолюцияни имзолади. Вазият шундан кейин ҳам хавотирли ҳолда қолмоқда ва пластик чиқиндилар океанларга оқиб чиқишда давом этяпти.

Жанубий-Шарқий Осиёдаги дарёлардан бири. Унинг устини пластик чиқиндилар қоплаб олган.

Фақат 2020 йилда пандемия муносабати билан океанларга турли чиқиндилар билан бирга пластик чиқиндилар оқиши бироз камайган. Пандемия ўтиб кетгандан сўнг вазият эски ҳолига қайтди.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда дунё океанига йилига 3 млн тоннагача пластик чиқинди тушмоқда. Умумий ҳисоб-китоблар 1980 йилдан бугунгача дунё океанига камида 25 млн тонна пластик чиқинди тушганини кўрсатади.

Олимлар дунё океанидаги пластик чиқиндилар тахминий ҳисоблардан кўпроқ миқдорда бўлиши мумкинлигини ҳам айтади.

Бундан ташқари, ҳар йили соҳилбўйи ҳудудларга (асосан дам олиш масканлари ва пляжлар жойлашган жойлар) ташлаб кетилган пластик чиқиндиларнинг асосий қисми ҳам дунё океанига чиқиб кетмоқда.

Соҳилбўйи, фаоллар «Бир марта ишлатиладиган пластиклар билан ифлосланган» ёзув туширилган баннер билан.

2022 йил маълумотларига кўра, бу кўрсаткичда Филиппин биринчи ўринда турибди. Бу давлат соҳилларида сочилиб ётган пластик чиқиндилардан 356 минг тоннаси дунё океанига тушган