Қора тусга кирган ям-яшил Бўзсув — масъуллар нима дейди? (2-қисм)
Ранги қорайиб қолган ям-яшил канал, қўланса ҳид ва пашшадан азият чекаётган аҳоли, йилларки ечимини кутаётган экологик фожиа... 8 май куни Kun.uz'да “Сув фожиаси — Тошкентда қайта ишланган канализация сувлари Бўзсув каналига оқизиб юборилмоқда” сарлавҳали суриштирув эълон қилинган ва унда ҳудуддаги ҳолат ва аҳоли фикри ўрганилганди. Суриштирувнинг иккинчи қисмида Бўзсув аэрация станциясидаги ҳолат ва масъуллар фикрини ўргандик.
Аэрация станцияси раҳбариятига берадиган саволларимиз жуда кўп. Сув нега қора тусли? Нима учун айрим кунларда сувнинг ранги тиниб қоладию, баъзан сувдан қўланса ҳид таралади? Сиздирилаётган сувдаги кўпиклар ниманинг ҳисобига ҳосил бўлади? Ташкил топганига 60 йилдан ошган иншоотнинг бугунги кун талабларига жавоб беришга қуввати етадими? Бўзсув рангини ўзгартираётган сув канал сувидаги биологик ҳаёт ва экологияга қандай таъсир этади? Ечимлар-чи? Улар ҳақида бош қотириляптими? Станция фаолиятини ўрганиш давомида ҳар бир саволимизга бирма-бир жавоб олиб, барча ҳақиқатларни юзага чиқарамиз. Ўртага қўйган илк саволимиз эса сув нима учун қора?
“Бунга пойтахтда фаолият юритаётган текстиль корхоналарида фойдаланилаётган бўёқлар сабаб”, — дейди Бўзсув сув тўйинтириш иншооти раҳбари Жамшид Зуфаров.
“Бизнинг иншоотимиз шаҳардан келаётган оқова сувларига биологик ишлов бериш учун мўлжалланган. Сувларни рангдан тозалаш имконига эга эмасмиз. Аслида ҳар бир текстиль корхоналарининг ўзида маҳаллий кимёвий-физик сув тозалаш иншоотлари бўлиши керак. Бу бироз қиммат ускуна. Шу сабабли тадбиркорлар бу ускуналардан фойдаланишмайди ва рангли оқова сувларини тўғридан-тўғри канализация тармоқларига оқизиб юборишади”, — дейди у.
Зуфаров сўзларига исбот сифатида Янги йил ҳамда Рамазон ҳайити таътилларида оқова сувлари рангининг тингани, саноқли ўша кунларда Бўзсувга ҳам қайта ишланган шаффоф сув сиздирилгани акс этган видеоларни бизга тақдим этди. Айнан шу кунлари Тошкент шаҳридаги текстиль корхоналари ҳам дам олган ва шунинг ҳисобига сув ранги тиниқлашган.
Масъуллар пойтахт ичидаги текстиль корхоналарини шаҳардан ташқарига, Тошкент вилоятида ташкил этиладиган махсус саноат зонасига олиб чиқиш чоралари кўрилаётгани, агар шундай қилинса, иншоотдан чиқадиган сувлар ҳам табиий тусга кириши мумкинлигини айтишмоқда. Муаммо фақат сувнинг ранги билан боғлиқми деган навбатдаги савол туғилади. Йўқ, албатта. 1963 йилда ташкил топган Бўзсув сув тозалаш иншооти фақат биологик ишлов бериш учун мўлжалланган. Яъни 60 йил олдинги саноат шароитлари учун мосланган. Станцияда қаттиқ, йирик жисмлар, қушхоналардан оқизиб юбориладиган ҳайвон жасадлари, терилар, ёғ ва нефт қатламларини ушлаб қолиши мумкин. Лекин у кимёвий ранг, елим ва шунга ўхшаш ноорганик моддалардан сувни тозалай олиш қувватига эга эмас.
Пойтахт тобора кенгайиб, қурилишлар, айниқса, сўнгги йилларда каррасига ошиб кетди. Станцияда эса йирик ҳовузлар ишламаяпти. Бугунги оқимга сув тозалаш иншоотининг қуввати қанчалик дош беряпти? Қурилганидан бери иншоот қувватлари шаҳарлашиш даражасига қанчалик мутаносиб оширилган?
Жамшид Зуфаровнинг маълум қилишича, айни пайтда бириктирилган ҳудудлар бўйича иншоот қуввати етади. Лекин янги “сити” ва турар жойларнинг кўпайиши ортидан станция қуввати ҳам оширилиши керак ва бу бўйича ишлар қилинаётганини таъкидлайди у.
Пойтахтнинг бир нечта туманини ўзида қамраб олган оқова сувлари иншоотда биологик тозаланиб, Бўзсувга қуйилгунга қадар бўлган барча жараёнларни ўргандик. Кимёвий тозаланмаган сув ранги ўзгармаган бўлса-да, унинг биологик таркиби яхшиланганининг исботи сифатида каналга тушишидан олдин қайта ишланган намуна сувида балиқлар яшаши мумкинлигини ҳам кўрдик.
Муаммо шу билан барҳам бўлди, ранг қора бўлса ҳам, сувда жониворлар яшаётган экан, у хавфсиз деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Иншоот раҳбари ҳам каналга бундай кимёвий сувнинг оқизилишидан манфаатдор эмаслигини, унга боғлиқ бўлмаган, шу ўринда ечилиши лозим бўлган муаммоларни бирма-бир санаб берди. Шунингдек, станцияда ишламай ётган баъзи ҳовузлар, сув юзида ҳосил бўладиган кўпикларга изоҳ берди. Бу ҳақда тайёрлаган лавҳамизда кўришингиз мумкин.
Ҳолат 2 кун давомида ўрганилди. 2-қисмли лавҳаларимизда аянчли вазият ўртага ташланди. Ечимлар бўйича ҳам таклифлар бор. Масалага биргина эътибор қаратилиб, экологик фожиага олиб келаётган сабабларни бартараф қилиш қоляпти, холос. Мавзу эса бир неча марта кўтарилган. Ва бу республикадаги ягона шундай ҳолат эмас. Воқеалар ривожини кузатамиз…
Сардорбек Усмоний
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024