Ўзбекистон | 14:39 / 19.09.2020
4451
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Россия давлат тараққиёт корпорацияси бошчилигидаги молиявий институтлар Ўзбекистонга ташриф буюрди

2020 йил 17 сентябрь куни Россия давлат тараққиёт корпорацияси (Внешэкономбанк) раиси Игорь Шувалов бошчилигида бир гуруҳ Россия молиявий институтлари вакиллари Тошкентга ташриф буюрди.

Ташриф давомида Энергетика вазири Алишер Султонов бошчилигидаги ўзбек делегацияси “Внешэкономбанк”, “Газпромбанк” ҳамда “ЭКСАР” суғурта агентлиги раҳбарлари билан музокалар ўтказди. Учрашув давомида энергетика ва нефтгаз тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, йирик стратетик лойиҳалар ҳамда истиболли инвестиция лойиҳалари бўйича тақдимот ташкил этилди.

Россия молиявий институтлари тақдим этилган лойиҳаларга катта қизиқиш билдириб, уларни батафсил ўрганиб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.

Тақдимотдан сўнг, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг “Внешэкономбанк”, “Газпромбанк” ҳамда “ЭКСАР” суғурта агентлиги раҳбарлари билан алоҳида учрашуви бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида “2017-2021 йилларда углеводород қазиб чиқаришни ошириш Дастури” доирасида 650 млн доллар жалб қилиш шартлари муҳокама қилинди.

Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 апрелдаги “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “2017-2021 йилларда углеводород қазиб чиқаришни ошириш Дастури”ни амалга ошириш учун 250 млн доллар хорижий кредитларни давлат кафолати остида жалб қилиниши кўзда тутилган.

Россия молия институтларининг кредитлари 10 йил муддатга берилмоқда, улар икки йил давомида 4 та транш билан ажратилади. Шу ўринда, Россия ишлаб чиқарувчиларидан ускуна ва моддий техник ресурсларнинг харид қилиниши кредитнинг янада имтиёзли шартларда берилишини таъминлайди.

Шу билан бирга, “Газпромбанк” АЖ Бошқарув раисининг ўринбосари А.Белоус ҳамда ЭКСАР суғурта агентлиги раҳбари Н.Гусаков билан 2021 йилда “Ўзбекнефтегаз” жамияти томонидан амалга ошириладиган геология қидирув ишлари ҳамда қудуқларни бурғилаш учун 100 млн доллар узоқ муддатли кредит ажратиш масаласи ҳам муҳокама қилди.

Юқоридаги йўналишлар бўйича кредитларни жалб қилиш мақсадида Ишчи гуруҳ ташкил этилиб, унга жамият бошқаруви раисининг ўринбосари У.Ашуров масъул этиб белгиланди.

Музокаралар дўстона, самимий ва ўзаро ишонч руҳида бўлиб ўтди. Россия томони шу йилдан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” компаниясининг молиявий ҳолати яхшиланиб бораётганлиги, тармоқнинг бозор тамойиллари асосида ишлашга ўтиши, халқаро стандартлар бўйича аудит тизими жорий қилинаётганлигидан мамнуният билдириб, молиявий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, “Газпромбанк” АЖ “Ўзбекнефтгаз" АЖнинг ишончли ҳамкорларидан бири бўлиб, нефтгаз соҳасида лойиҳаларни молиялаштириш учун 1 млрд. долларга яқин кредит ажратган. Жумладан 2017-2021 йилларда углеводородлар ишлаб чиқаришни ошириш дастурининг биринчи босқичи, GTL заводининг қурилиши шулар қаторидан.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид