Жаҳон | 20:33 / 23.09.2020
16112
2 дақиқада ўқилади

Европанинг 5 давлати Лукашенкони Беларусь президенти деб тан олишдан бош тортди

Европанинг 5 та давлати - Германия, Латвия, Литва, Словакия ва Эстония Александр Лукашенконинг инаугурациясидан кейин ҳам уни Беларусь президенти деб тан олмаслигини маълум қилди.  

Фото: BelTA/Handout via REUTERS

23 сентябрда Минскда Лукашенконинг Беларусь президенти лавозимига киришиши маросими бўлиб ўтди. Эътиборлиси, инаугурация олдиндан эълон қилинмаган ҳолда ўтказилган.

“Ушбу маросим махфий равишда тайёрлангани ва жамоатчилик иштирокисиз ўтгани – жуда намойишкоронадир. Бу маросимдан кейин жаноб Лукашенко ўзининг қонунийлигига умид қилмаса ҳам бўлади”, деб айтган Германия ҳукумати расмий вакили Штеффен Зайберт.

Унинг таъкидлашича, Беларусь президенти сайловлари эркин ва демократик бўлмаган, Германия эса “Лукашенко ва унинг маъмуриятидан тинч намойишчиларга қарши зўравонликни тўхтатишни кутмоқда”. Бундан ташқари, сиёсий маҳкумлар қўйиб юборилиши ва турмаларда қийноқларга чек қўйилиши лозим.

“У [Лукашенко] Беларусдаги на эркин ва на адолатли бўлган президент сайловлари учун жавобгардир. Словакия Беларусь фуқароларини қўллаб-қувватлайди”, деб ёзган твиттерда Словакия ташқи ишлар вазири Иван Корчок.

Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу Лукашенконинг инаугурациясини ноқонуний ва демократия тамойилларига зид деб атаган. “Лукашенконинг бугунги ноқонуний инаугурацияси демократиянинг барча тамойилларига зид келади. Лукашенко яққол ўз мандатидан маҳрум бўлди. Биз Беларусь аҳолиси ўзига муносиб бўлган президентни олиши учун эркин ва адолатли сайловлар ўтказилишига чақирамиз”, деб айтган Рейнсалу.

Латвия ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевич эса Лукашенконинг “махфий инаугурацияси” бўлиб ўтган сайловларга ва Лукашенконинг давлат раҳбари мақомига қонунийлик бермаслигини айтган.

Мавзуга оид