Ўзбекистон | 23:05 / 24.09.2020
30629
4 дақиқада ўқилади

ХТВ ва Дўсов иши: фуқаролик иши юзасидан суд-лингвистик экспертизаси тайинланди

Жорий йилнинг 24 июнида Қобил Дўсов ўз саҳифаси орқали Халқ таълим тизимини танқид қилган эди. Дўсов ўз видеомурожаатида аттестация тизимининг коррупцияга ботганлиги, мактаблардаги шароитларнинг ёмонлиги, ўқитувчилар ойлиги пастлиги ҳамда тизимнинг оғир аҳволи ҳақида гапиради.

Мазкур видеомурожаат сабабидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Қобил Дўсов устидан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритади. Унда Дўсовнинг танқидий видеомурожаати орқали вазирликнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатгани айтилади.

Вазирлик ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатганлиги учун фуқаро Қобил Дўсовдан раддия беришни талаб қилмоқда.

23 сентябрь куни Дўсов ва Халқ таълими вазирлиги ўртасидаги навбатдаги очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур судда тарафларнинг гувоҳлари тингланди.

Судда иштирок этаётган прокурор масалага ҳар томонлама тўла ва холисона баҳо берилишини таъминлаш мақсадида суддан иш бўйича суд-лингвистик экспертизаси тайинлашни сўради.

Суд Қобил Дўсовнинг видеомурожаатида айтган сўзлари устидан суд-лингвистик экспертизаси тайинлаш ва уни ўтказишни Чирчиқ давлат педагогика институти зиммасига юклаш тўғрисида ажрим чиқарди. Ажримга кўра, мазкур фуқаролик ишини кўриш экспертиза хулосаси олингунга қадар тўхтатилди.

Суддан сўнг Халқ таълими вазирлиги юристи Хуршид Асроров суд жараёни ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

«Суд қанча давом этишини билмаймиз. Экспертиза белгиланди, унинг хулосаларига мувофиқ суд жараёни давом этади.

Судда Халқ таълими вазирлигининг мақсадини айтиб ўтишим керак. Вазирлик ҳеч қачон танқидларга ёпиқ бўлмаган. Лекин Қобил Дўсовнинг нутқида ҳақоратомуз гаплар бўлган, 10-15 марта “хоин” сўзини ишлатган, шунинг учун биз халқ таълими вазирлиги даъво аризаси киритганмиз», – дейди Хуршид Асроров.

Халқ таълими вазирлиги юристи Хуршид Асроров

Kun.uz мухбирининг “Суд процессида ярашув институти бор, вазирлик мана шу йўлдан бориши мумкинми?”, деган саволига вазирлик юристи шундай жавоб берди:

«Биз аслида Қобил Дўсовнинг хоин деган сўзига раддия беришни сўраганмиз, лекин қандайдир маънода пул ундириш, маънавий зарар деган бошқача талабимиз йўқ. Агар тизимда ҳақиқатда ҳам хоин бўладиган бўлса, тасдиқлаши керак. Ундай бўлмаса, раддия бериши керак», – деди Халқ таълими вазирлиги вакили.

Бу сафарги очиқ суд мажлисида қатнашган Олий Мажлис депутати Расул Қушербаев бу суд амалиётида янгилик эканлигини таъкидлади.

Олий Мажлис депутати Расул Қушербаев

«Кўпчиликни бир муваффақиятли қадам билан қутласак ҳам бўлади. Гап шундаки, оддий фуқаро ва мансабдор ўртасидаги зиддият демократик давлатларда, ҳуқуқий савияси юқори бўлган жамиятларда суд орқали ҳал қилинади. Бугунги бўлаётган суд жараёнини ижобий ҳодиса сифатида қабул қилдим. Чунки одатда фуқаро ва амалдор орасидаги зиддиятда амалдорнинг ўз мавқеидан фойдаланиб бошқа бир, зўравонлик билан ҳал қилганларини кўрганмиз. Бу эса ўшалар учун яхшигина сигнал бўлади», дея фикрларини билдирди Олий Мажлис депутати.

Мазкур ҳолат юзасидан Қобил Дўсов ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

Қобил Дўсов

«Суд жараёнига ОАВ ва жамоатчилик вакилларининг кириб келиши ҳамда кенг ёритилиши аввал кузатилмасди. Буни яхши янгилик сифатида баҳолаш керак.

Агар мен ва Халқ таълими вазири ўртасидаги шахсий масала бўлганда шунчаки тинчиб кетиши мумкин эди. Лекин халқ таълими борасида гап кетар экан, мен муроса йўлини танламайман», – дейди Қобил Дўсов.

Экспертиза хулосасидан кейин суд яна давом этади. Кейинги суд мажлиси қачон бўлиши ҳозирча номаълум.

Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

Раҳматилло Исроилов

Мавзуга оид