23:10 / 25.09.2020
2883

Чехия бош вазири ЖССТни пандемияга қарши курашдаги қатъиятсизлиги учун танқид қилди

Андрей Бабишнинг сўзларига кўра, Чехия БМТнинг, айниқса, ЖССТнинг ислоҳ қилинишини қўллаб-қувватлайди.

Фото: Reuters

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) пандемия даврида қатъиятсиз ҳаракат қилди ва ўзини яхши кўрсата олмади, деди Чехия бош вазири Андрей Бабиш.

"ЖССТ коронавирус инқирозини бартараф этишда зиммасига юкланган вазифани бажара олишга лаёқатли ташкилот сифатида  ўзини кўрсата олмади. ЖССТ қатъиятсиз ҳаракат қилди. У таклиф қилган чоралар етарли бўлмади. У бизга керакли тавсияларни бера олмади", деди у.

Бабишнинг сўзларига кўра, Чехия БМТнинг, айниқса, ЖССТнинг ислоҳ қилинишини қўллаб-қувватлайди.

Унинг таъкидлашича, йирик халқаро ташкилот алоҳида мамлакатларнинг коронавирусга қарши энг яхши вакцина яратиш борасидаги ҳаракатларини мувофиқлаштириши лозим.

"Пандемия фанга сармоя киритиш нақадар муҳимлигини кўрсатди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги тадқиқот маълумотлари алмашинуви зарур", - деди Чехия бош вазири.

У шунингдек, пандемия оқибатлари барча мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top