11:10 / 26.09.2020
7873

Тошкентда вояга етмаган шахс бошқарувидаги автомобилдан пичоқ ва бошқа буюмлар топилди

ИИББ ходимлари автомобиль юкхонасини текшириш давомида кесувчи буюмлар, нунчаки, таёқ ва электрошокер топишган. Мазкур факт асосида тезкор ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни соат 22:15да Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, 1-сон ИИБга бириктирилган ҳудуддаги “Гулобод” маҳалласида жойлашган “Версаль” ресторани ёнида 20-30 кишилик гуруҳ тўпланган.

Ҳолатни текшириш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББнинг бир гуруҳ ходимлари йўлга чиқишган. Воқеа жойида тўпланган одамлардан ташқари уларга яқин жойда ҳайдовчиси ва йўловчилари вояга етмаган шахслар бўлган Nexia-2 русумли автомобиль қайд этилган.

ИИББ хабарига кўра, автомобиль 15 ёшли Абдулазиз Ф. бошқарувида бўлган, унинг сўзларига кўра ота-онаси бундан бехабар бўлишган. Йўловчи сифатида автомобилда унинг ўртоқлари, 16 ёшли Миржавоҳир М. ва Исмоилжон А. бўлишган. 

ИИББ ходимлари автомобиль юкхонасининг текшируви давомида кесувчи буюмлар, нунчаки, таёқ ва электрошокер топишди. Мазкур факт асосида тезкор ишлар олиб борилмоқда.

“Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари. Мазкур ҳолат бир нечта фактларга кўра ачинарлидир: транспорт воситасининг калитини фарзандидан йироқ тутмаган ота-оналар эҳтимолий оқибатлар ҳақида ўйлаб кўришмаган; транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган боланинг хавфни тушунмаган ҳолда автомобиль бошқариши. Аммо, энг қўрқинчлиси, уларнинг “қўлларидаги” хавфли буюмлардир. Улар келишмовчилик юзага келганда бошқа инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига қарши ишлатилади. Кўпинча юқоридаги ҳолатлар ота-оналар учун муаммо бўлмаса, болаларга ҳам оддий ҳолдек туюлади. Шунингдек биз фуқароларга мурожаат қиламиз: бу каби ҳолатларни табиий ҳисобламасдан, уларнинг олдини олиш даркор”, - дейилади маълумотда.

Top