Жамият | 22:27 / 29.09.2020
5529
5 дақиқада ўқилади

Фарғонада қопларга яширилган 200 миллион сўмлик уяли телефонлар фош этилди

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ахборот берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида уяли телефонларнинг яширин айланмасига чек қўйилди.

Фуқаро А.Х. «Тико» русумли автомашинадан фуқаро М.С. бошқарувидаги «Кобальт» русумли автомашинага номаълум қопларни жойлаштираётган вақтида тўхтатилиб, автомашиналар белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, қопларда хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 200 миллион сўмлик 100 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

«Овоз кучайтиргич» операцияси чипакка чиқди

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан қўшни мамлакатдан «Сирдарё» чегара божхона постига кириб келган фуқаро С.С. бошқарувидаги «Merсedes benz» русумли юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, автомашинада тегишли йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 101,7 миллион сўмлик, 271 дона транспорт воситалари учун мўлжалланган овоз кучайтиргичлар ва овоз карнайлари борлиги аниқланди.

Шунингдек, яна бир ҳолатда, мазкур постга кириб келган фуқаро Ш.Б. бошқарувидаги «MAN TGX» русумли юк автотранспорт воситаси махсус инспекцион кўрик мажмуаси ёрдамида текширилганида, автомашина тиркамасининг пастки қисмида жойлашган темир қути ичида йўл-юк ҳужжатлари ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган умумий қиймати 279,5 миллион сўмлик дезинфекциялаш воситалари концентратлари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Жўнатмалардаги «оғу»лар фош бўлди

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Бошпочтампт» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида фуқаро Ш.С. номига келган почта жўнатмаси кўздан кечирилганида, почта жўнатмасида 180 дона, таркибида «кодеин фосфат» гиёҳвандлик воситаси бўлган «Roкaсet plus» номли дори воситалари борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда эса, фуқаро А.С. номига келган почта жўнатмаси кўздан кечирилганида, почта жўнатмасида 120 дона, таркибида «бротизалам» психотроп воситаси бўлган «Bondormin» номли дори воситалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, мазкур постда фуқаро Ю.Ф. номига келган почта жўнатмаси кўздан кечирилганида, почта жўнатмасининг ичида 40 дона «трамадол» гиёҳвандлик воситаси бўлган «Zaldiar» номли дори воситалари борлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Нексия-3»да нималар яширилган эди?

Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Поп тумани бўлими ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказишди.

Тадбир давомида фуқаро Х.А. бошқарувидаги «Нексия-3» русумли автомашина тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Натижада, автомашинада қўшни мамлакатдан юртимизга ноқонуний олиб кирилган, умумий қиймати 49 миллион сўмлик 20 турдаги 5268 дона дори воситалари ва тиббиёт буюмлари борлиги аниқланди.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, Х.А.нинг яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилди.  Текширув давомида хонадонда ҳам сифати кафолатланмаган ҳамда тегишли ҳужжатлари бўлмаган 19 миллион сўмлик 6 турдаги 3021 дона дори воситалари сақланаётгани аниқланди.

Тезкор тадбир давомида жами 68 миллион сўмлик 25 турдаги 8289 дона тиббиёт буюмлари ва дори-воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Сартарошхонада марихуана яширган шахс аниқланди

Навоий вилояти божхона бошқармаси Контрабанда қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Навоий шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида фуқаро Ғ.Ж. шартли харидорга умумий оғирлиги 6,08 грамм «Марихуана» гиёҳвандлик воситасини пуллаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шундан сўнг, тадбир давом эттирилиб, фуқаро А.А. фаолият юритадиган сартарошхона кўздан кечирилди. Натижада сартарошхонада умумий оғирлиги 6,97 грамм бўлган «марихуана» гиёҳвандлик воситаси яширилгани аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид