Ўзбекистон | 00:04 / 01.10.2020
10918
2 дақиқада ўқилади

Президент қарори билан Молия вазирлиги айрим функциялари бошқа органга ўтказилди

Солиқ маслаҳат ташкилотларининг ваколатлари кенгайтирилди. Хусусан, уларнинг хулосалари мавжуд бўлган тақдирда, солиқ органлари риск даражаси паст ва охирги 3 йилда йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ аудити ўтказилмайди. 

Фото: Молия вазирлиги

Президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни «Солиқ маслаҳати соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорни имзолади. 

Молия вазирлиги хабар беришича, ушбу ҳужжат солиқ маслаҳати институтини ривожлантириш ва солиқ маъмуриятини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди. Жумладан солиқ маслаҳатчиларига суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда компьютер технологиялари, алоқа воситалари, аудио ва видео ёзиб олувчи воситалардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Қарор билан, агар шахс меҳнат фаолиятини адвокатлик бирлашмалари, аудиторлик ташкилотлари, шунингдек бухгалтерия хизматини кўрсатадиган бошқа юридик шахсларда амалга ошириб келган ҳолатларда, солиқ маслаҳатларида 3 йил давомида қатнашмаганлиги учун Солиқ маслаҳатчиси гувоҳномасини бекор қилиш тақиқланади.

Хорижий амалиётни ҳисобга олган ҳолда, 2021 йил 1 январдан бошлаб Молия вазирлигининг солиқ маслаҳатчилари фаолиятини тартибга солиш бўйича қуйидаги функциялари Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатасига ўтказилади:

  • солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ўтказиш;
  • солиқ маслаҳатчиси малака гувоҳномасини бериш, тўхтатиш ва бекор қилиш;
  • солиқ маслаҳатчиларини ўқитиш ва малака ошириш дастурларини тасдиқлаш;
  • солиқ маслаҳатчилари реестрини юритиш.

Молия вазирлигига қуйидагилар юклатилади:

Палатага солиқ бўйича маслаҳатчилар учун ўқув курсларини, шу жумладан масофадан ўқитиш шаклида, шунингдек солиқ маслаҳатчилари учун малака имтиҳонларини тайёрлаш ва ўтказишда ёрдам бериш;

2021 йил 1 апрелгача солиқ маслаҳати соҳасини ўзини ўзи бошқаришнинг асосий қоидаларини белгилайдиган ва самарали фаолият кўрсатадиган солиқ маслаҳатчилари институтини шакллантиришга имкон берадиган «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини янги таҳрирда ишлаб чиқиш.

Маълумот учун, 1 сентябрь куни ҳолатига кўра, Ўзбекистонда солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари сони 86тани, солиқ маслаҳатчилари эса 143 нафарни ташкил этади. 

Мавзуга оид