Жаҳон | 13:51 / 11.10.2020
10046
11 дақиқада ўқилади

АҚШ-2020: Сайловга қандай ташқи аралашувлар бўлиши мумкин?

2016 йил АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайловлари кун тартибига Россиянинг ушбу сайловларга таъсир ўтказгани – аралашгани билан боғлиқ даъволар ҳам киритилган, натижада Дональд Трамп узоқ вақт мобайнида ушбу даъволарнинг диққат марказида бўлиб турганди.    

Фото: Reuters

Бу гал юқори лавозимли амалдорлар ташқи кучлар, хусусан, Россия, Хитой ва Эрон Америка сайловчиларининг қарорларига таъсир ўтказиш учун турли очиқ ва яширин воситалардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Америка разведка агентликлари ушбу уч мамлакатнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида мақсадларга ва турли имкониятларга эгалигини, шу боис уларни алоҳида кўриб чиқиш лозимлигини таъкидламоқда.

Бошқа томондан, бундай разведка баҳоларига эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозим.

Масалан, яқинда бир разведка ходими ўз ҳисоботида ундан «бу президент Трампнинг обрўсига путур етказиши мумкин» деган асос билан Россия томони туғдириши мумкин бўлган хавфни «бўрттирмаслик» кераклиги сўралганини айтди.          

Хўш, америкалик сайловчилар «ташқи таъсир» ҳақида гап кетганда нималарга эътибор қаратиши керак?

Россия нимани хоҳлайди?
Россия 2016 йилги АҚШ сайловлари кун тартибига ўзига хос тарзда «тамға» урганди.

АҚШ разведкаси Россия овозлар Дональд Трамп фойдасига берилиши учун ҳаракат қилган, деган фикрда. Мазкур масалада у Трамп жамоаси ва Россия расмийлари ўртасидаги учрашувлар, Трампнинг рақиби Ҳиллари Клинтоннинг ушбу сайловдаги кампанияси, сайловчиларнинг маълумотлар базасига қилинган киберҳужумлар, шунингдек, сохта материалларга эътибор қаратади.

Ўтган ой Сенатдаги республикачилар ҳайъати Россия Трампнинг ғалаба қозонишини истайди, деган қарашни қўллаб-қувватлади. Ҳайъат Трампнинг 2016 йилги кампанияси хорижий кучлар томонидан манипуляция учун осон нишон бўлган, деган хулосага келди. Бироқ ҳайъат Трамп Россия билан ҳам жиноий ҳамкорликда бўлиши мумкинлиги ҳақидаги иддаога изоҳ беришдан қочди.

2020 йилга келиб, Жо Байден Демократик партиядан президентликка номзод сифатида Ҳиллари Клинтоннинг ўрнини эгаллади.

АҚШ миллий контрразведка ва хавфсизлик маркази (NCSC) раҳбари Уильям Еванина жамоатчилик учун очиқ бўлган ҳисоботида «Россия Байденни обрўсизлантиришга қаратилган бир қатор тадбирларни амалга оширгани»ни айтди.

Америка Федерал қидирув бюроси (FBI) раҳбари Кристофер Рэй Россия АҚШ сиёсатига аралашишни ҳеч қачон тўхтатмагани, 2018 йилги Конгресснинг оралиқ сайловлари Россия учун «2020 йилда бўлиб ўтадиган катта шоу олдидан машқ» бўлганини қайд этиб ўтди.

Россия бошқа давлатларнинг сайловларига аралашгани ҳақидаги айбловларни доимий равишда рад этиб келади. Йил бошида Кремль вакили бу айбловларни «ҳақиқат билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган параноик баёнотлар» деб таърифлаган эди.

Россия Трампнинг яна бир бор президент этиб сайланишини хоҳлаш-хоҳламаслигидан қатъи назар, шарҳловчилар томонидан тез-тез тилга олинадиган фикр шуки, Москва ўзининг ташқи сиёсатида рақобатчи мамлакатларда беқарор ва чалкаш муҳит яратишни мақсад қилган.

Масалан, бу йил Европа Иттифоқига тегишли бир ҳужжатда Россия коронавирус ҳақидаги сохта янгиликларга алоҳида урғу бергани ҳақидаги даъволар илгари сурилди. Россия эса ушбу айбловлар асоссизлигини айтди.

Фото: Reuters

Номзодлар Россия ҳақида нима демоқда?
Яқинда Жо Байден Россияни «АҚШнинг рақиби» деб таърифлади ва бу давлат аралашувлари учун кун келиб «ўзига хос бадал тўланиши»ни маълум қилди.

Президент Трамп эса аксарият ҳолларда Россиянинг аралашуви ҳақидаги айбловларни рад этадиган баёнотлар беради. Бу эса уни ўз раҳбарлиги остида ишлайдиган разведка мутахассислари ва ташкилотлари билан зиддиятга қўяди.

2018 йил Владимир Путин билан учрашувидан сўнг «АҚШ разведка идораларига ишонасизми ёки Россия президентига?» деган саволга Трамп «Президент Путин Россия бундай иш қилмади, деяпти. Нимага ҳам қилсин? Мен бир сабаб кўрмаяпман», деганди. Кейинчалик эса у ўзининг янглишганини ҳам айтиб чиқди.

Хитойнинг мақсади нима?
Трамп маъмурияти раҳбарлари бу йилги сайловларда энг катта таҳлика Россия эмас, балки Хитой эканлигини таъкидлашмоқда.

«Мен разведка маълумотлари билан танишдим ва шундай хулосага келдим», деди АҚШ адлия вазири - бош прокурор Уильям Барр. Вакиллар Палатаси разведка қўмитасининг демократ раиси Адам Шифф эса Баррнинг сўзларини «очиқ ёлғон» деб таърифлади.

NCSC (National Cyber Security Centre – Миллий киберхавфсизлик маркази) президенти Уильям Еванинанинг таъкидлашича, Хитой Трампни нима қилишини билиб бўлмайдиган одам сифатида кўради ва бу давлат учун Трамп сайловда ғолиб чиқмагани маъқул.

«Хитой АҚШдаги сиёсий иқлимни шакллантиришда ўз таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Сиёсий арбобларга ва Хитой манфаатларига зид бўлган танқидларга босим ўтказмоқда», дейди Еванина.

Хитойда жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш мақсадида ишлатилиши мумкин бўлган мураккаб воситалар ва усуллар мавжуд, аммо бунга эришиш учун қанча вақт кетиши номаълум.

«Хитой ортиқча аралашувнинг хавф-хатарлари ва фойдали томонларини ўлчаб кўришда давом этади», дейди Еванина.

Хитойнинг асосий мақсади хитойча дунёқарашни қабул қилдиришга қаратилган бўлиши мумкин. Яқинда Facebook ташқи сиёсатнинг энг муҳим масалаларида Хитой ҳукуматини қўллаб-қувватлайдиган, Хитой билан боғланган ҳисоблар тармоғини ёпди.

Хитой ҳам Россия каби бошқа мамлакатларнинг ички ишларига алоқадорлиги билан боғлиқ айбловларни рад этади ва «бундай иш қилишдан манфаатдор эмаслиги»ни айтиб келади.

Номзодлар Хитой ҳақида нима демоқда?
Президент Трамп шу ойда твиттердаги саҳифасида ўзини қўллаб-қувватловчи Breitbart сайтида эълон қилинган «Хитой президентлик сайловларида Жо Байденни қўллаб-қувватлаётганга ўхшайди» сарлавҳали мақолани бўлишди.

«Албатта, улар Байденни хоҳлашади-да. Мен Хитойдан миллионлаб долларларни олиб, уни деҳқонларимиз ва АҚШ молия вазирлигига бердим. Агар Байден ғалаба қозонса, Хитой АҚШни қўлга олади», деб ёзди Трамп.

Ҳозирда АҚШ-Хитой муносабатлари коронавирусдан тортиб, Хитойнинг Ҳонгконгда татбиқ этилган хавфсизлик тўғрисидаги қонунигача бўлган ҳар бир масалада зиддиятли.

Жо Байден эса Хитойга нисбатан юмшоқ муносабатда бўлгани ҳақидаги Трампнинг даъволаридан қутулишга ҳаракат қилмоқда, «инсон ҳуқуқлари ва бошқа масалаларда ҳеч қандай ён бермаслиги»ни айтмоқда. Аммо демократлар сайлов масаласига энг кўп аралашадиган ташқи куч Россия эканига ишонишмоқда.

АҚШ кимдан кўпроқ қўрқмоқда?
2016 йилда АҚШ ҳукумати ва ижтимоий медиа компаниялари Россиянинг аралашувига қарши жуда суст ҳаракат қилишди. Бу сафар ҳамма тайёр, аммо сиёсий муҳит ўзгарган.

Ижтимоий медиа компаниялари ўзлари кўрган чораларни очиқ тарзда эълон қилишмоқда. АҚШ разведка ташкилотлари эса мунтазам равишда ўз баҳосини бериб бормоқда. Аммо бу мавзу жуда сиёсийлашди.

Демократлар Россиянинг аралашуви ва унинг Трампни қўллаб-қувватлашига эътибор қаратмоқда. Трампнинг тарафдорлари эса Хитойнинг уларга қарши кампанияси ҳақида баҳслашмоқда.

Миллий хавфсизлик ходимлари ҳар икки хавфнинг мавжудлигини тан оладиган нозик чизиқдан ўтишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, бу икки таҳдид орасидаги фарқни очиқлашдан тийилишмоқда. Чунки уларнинг бу ҳаракати тарафкашлик сифатида баҳоланиши мумкин.

Россиянинг аралашувлари анча уюшган ва яширин, аммо уларнинг таъсири 2016 йилги сайловлар даражасида бўлмаслиги мумкин. Тактикалар ҳам умуман бошқача. Масалан, сохта янгиликлар ва постлар чиқариш ўрнига эндиликда баъзи фойдали фактларни ажратиб кўрсатиш усули қўлланмоқда.

Эрон нима қилиши мумкин?
Америка разведкасининг расмий вакили Уильям Еванина Теҳрон Трамп яна бир бор сайланишини истамаслиги, «бу Эронга нисбатан босим давом эттирилишини ва режимни ўзгартириш ҳаракатларини билдириши» ҳақида гапирди.

Эроннинг саъй-ҳаракатлари кўпроқ дезинформация ва ижтимоий тармоқларда АҚШга қарши маълумотларни тарқатиш шаклида бўлиши айтилмоқда.

АҚШ разведкасининг даъволарини қўллаб-қувватловчи компьютер гиганти Microsoft Россия, Хитой ва Эрон билан боғлиқ ҳакерлар Америка сайловларининг етакчи номларига қарши жосуслик қилишга интилаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Шунингдек, Phosphorus номи билан танилган гуруҳ шу йилнинг май ва июнь ойлари орасида Оқ уй расмийлари ва Трампнинг сайловолди ташвиқотчиларининг аккаунтларига киришга урингани, аммо бу ҳаракатлар муваффақиятсиз якунлангани айтилди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Саид Катибзода эса Microsoft ҳисоботини «кулгили» деб атади ва «Оқ уйда ким президент бўлиб ўтириши Эронга қизиқ эмаслиги»ни айтди.

Американинг ташқи сиёсатга ихтисослашган «Atlantic Council» таҳлилий маркази томонидан йил бошида эълон қилинган Эрон тўғрисидаги ҳисоботда Эроннинг интернетдаги фаолиятини осонгина аниқлаш мумкинлиги таъкидланади.

«Эроннинг рақамли технологиялар ёрдамида тарқатаётган деярли барча маълумотлари Теҳроннинг дунёқараши ёки ташқи сиёсий мақсадлари билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун маълумотлар таркибини сиёсий жиҳатдан бир-бирига боғлаш қийин бўлган Россия каби ташқи кучларга қараганда «Эроннинг изи»ни аниқлаш нисбатан осонроқ», дейилади мазкур ҳисоботда.

Номзодлар Эрон ҳақида нима демоқда?
АҚШ сайловларида Эроннинг таъсир доираси сиёсий мақсадлар жиҳатидан Россия ёки Хитойники сингари эмас.

Трамп Эронга қарши қаттиқ сиёсат юритди ва ядровий келишувдан чиқди. Унинг шахсан ўзи генерал Қосим Сулаймонийни ўлдиришга буйруқ берди.

Жо Байден CNN телеканалига берган интервьюсида «Эронга қарши қаттиққўл бўлишнинг бошқа оқилона усули борлиги»ни айтди. Унинг фикрича, бир томондан Теҳроннинг «минтақадаги барқарорликни бузадиган фаолияти»ни йўққа чиқариш, бошқа томондан эса дипломатия йўлини очиқ қолдириш мумкин.

АҚШда сайлов кампанияси ниҳоясига етиб борар экан, аралашувлар кучайиши натижасида сайловнинг ишончлилигига бўлган хавотирли шубҳалар ортиб бормоқда.

Мавзуга оид