Жаҳон | 10:00 / 01.12.2025
3735
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистондаги сайловлар: Жапаровга содиқ номзодлар деярли барча округда ғалаба қозонди

Қирғизистонда парламентга муддатдан олдин сайловлар бўлиб ўтди. Маҳаллий ОАВ овоз беришнинг дастлабки натижаларига таяниб хабар беришича, 90 депутатлик мандатдан 50 тасини аввалги чақириқ депутатлари қайта қўлга киритиши мумкин.

Фото: Sputnik / Акбар Акжигитов

Якшанба куни, 30 ноябрда ўтган Қирғизистон парламенти — Жоқорғу Кенешга муддатдан олдинги сайловларнинг дастлабки натижаларига кўра, мамлакат амалдаги президенти Садир Жапаров тарафдорлари ғалаба қилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди. Қанча мандат аниқ улар қўлига ўтаётгани эса аниқлаштирилмаган.

Маҳаллий «Кактус» нашри маълумотича, маҳаллий вақт билан соат 19:00 да сайловда қатнашиш кўрсаткичи 34 фоиздан бироз ошиқ бўлган. Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) маълумотларига таяниб, Reuters ёзишича, дастлабки маълумотларга кўра, «Жапаров иттифоқчилари бир нечта ўриндан ташқари барча ўринларни қўлга киритган». 24.kg янгиликлар портали эса 90 ўриндан 50 таси аввалги чақириқ депутатларига тегишли бўлиши мумкинлигини қайд этди.

Бу билан бирга, номзодларнинг катта қисми мустақил тарзда кўрсатилган, қирғиз ОАВ эълон қилаётган дастлабки депутатлар рўйхатларида фақат уларнинг тўлиқ исм-шарифлари келтирилган.

Парламентнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарори 25 сентябр куни қабул қилинган эди. Сабаблардан бири сифатида сайловларни муддатдан олдин ўтказиш истаги кўрсатилган — чунки режага кўра улар 2026 йил ноябрида, президент сайловларидан икки ой олдин бўлиб ўтиши керак эди. Депутатлар бундай қисқа муддат орасида икки йирик сиёсий воқеа ўтказилиши сиёсий беқарорликка олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.

Муддатдан олдинги сайловлар фойдасига келтирилган яна бир омил — 2025 йил июнида президент томонидан имзоланган сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар. Аввалги тартибга кўра, 90 депутатнинг 36 нафари бир мандатли округлардан сайланар, қолган 54 нафари эса партиявий рўйхатлар бўйича аниқланарди. Энди эса мамлакат 30 та сайлов округига бўлинган, ҳар бир округдан учтадан депутат сайланади, улар орасида камида бир нафари аёл киши бўлиши шарт.

Ҳокимият сайловларда партиявий тизимдан деярли воз кечишни «сиёсий коррупцияга қарши курашиш, амалдаги сайлов тизими камчиликларини бартараф этиш ва фуқароларнинг халқ вакилларига бўлган ишончини ошириш» билан изоҳлади.

Сайловлардан бир ҳафта олдин Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мухолифат вакили ва собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг айрим тарафдорларини қўлга олди. Ушланганлар орасида мухолифатчи «Социал-демократлар» партияси аъзолари Темирлан Султанбеков ва Эрмек Эрматов, собиқ президентнинг ўғли Қодирбек Атамбаев ва бошқалар бор.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги баёнотига кўра, ушбу шахслар «парламент сайловлари натижалари эълон қилинганидан сўнг республикада бир қатор митинглар уюштириб, оммавий норозилик ҳақида тасаввур уйғотиш»ни режалаштирган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид