07:59 / 12.10.2020
2755

«Лос-Анжелес Лейкерс» МБАнинг 17 карра чемпионига айланди

Фото: AP Photo

“Лос-Анжелес Лейкерс” жамоаси Миллий баскетбол ассоциацияси плей-офф босқичи финалида “Майами хит” устидан ғалаба қозониб, 2019/2020 йилги мавсум ғолиби бўлди

“Лейкерс” финалнинг 6-учрашувида “Майами”ни 106:93 ҳисобида мағлуб этди. Шундан кейин умумий ҳисоб Лос-Анжелес клуби фойдасига 4-2 кўринишини олди.

“Лейкерс” таркибида Леброн Жеймс МБА плей-офф босқичида 260-учрашувини ўтказиб, бу кўрсаткич бўйича Дерек Фишерни ортда қолдирди ва 1-ўринга чиқиб олди. 

Бундан ташқари, Жеймс учрашувда “Лейкерс” таркибидаги энг сермаҳсул ўйинчи бўлди. 

“Лейкерс” МБАда 17-марта чемпионликни расмийлаштирди. Клуб бу кўрсаткич бўйича МБА рекордчиси ҳисобланган “Бостон” клубига тенглашиб олди. Эътиборлиси, “Лейкерс” 10 йил ичида биринчи марта финалга чиқа олди. Бунгача эса жамоа 6 йил давомида ҳаттоки плей-офф босқичига чиқа олмаган. Клуб охирги марта чемпионликни 2010 йилда “Орландо Мэжик”га қарши баҳсда қўлга киритган.

“Майами” эса ўз тарихида олтинчи марта ва 2014 йилдан бери биринчи марта финалда ўйнади. Жамоа 2006, 2012, 2013 йилларда чемпионликни қўлга киритган.  

МБА мунтазам чемпионати пандемия сабабли март ойида тўхтатилиб, 31 июлда давом эттирилганди. Плей-офф босқичи эса 17 августдан бошланган. Ушбу босқичнинг барча ўйинлари Флоридадаги “Дисней уорлд” ҳудудида жойлашган спорт мажмуасида ўтган.

Top