Жамият | 13:52 / 19.10.2020
7366
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қаҳрамони, археолог Ғайратдин Хўжаниёзов вафот этди

Ўзбекистон Қаҳрамони, археолог Ғайратдин Хўжаниёзов вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.

Ғайратдин Хўжаниёзов 1948 йили Қораўзак туманида туғилган. 1972 йили Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон филиалининг Н.Давқораев номидаги Тарих, тил ва адабиёт институтининг археология бўлимига ишга кирган. Кейинчалик Москва давлат университетида, Москвадаги Фанлар академиясининг Археология институтида тажриба орттирган.

1994 йилдан бошлаб ФА Қорақалпоғистон бўлими тасарруфида янги очилган Тарих, археология ва этнография институтининг археология бўлими дастлаб илмий ходим, сўнгра бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган. У шу кунга қадар ФА Қорақалпоғистон бўлими гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг археология бўлими мудири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Археолог Қорақалпоғистондаги кўплаб тарихий ҳудудлардаги археологик ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган ва экспедицияларга раҳбарлик қилган.

Ғ. Хўжаниёзовнинг илмий меҳнат фаолияти давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган, 2003 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган бўлса, 2008 йили «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган, 2014 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгашига депутат, 2015 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси этиб сайланган.

Фанлар академияси Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли археолог Ғайратдин Хўжаниёзов вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.