22:00 / 22.10.2020
11045

Наманганда гўшт нархини тушириш учун қандай чора кўрилмоқда? Вилоят ҳокими ҳисобот берди

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг 10-сессияси бўлиб ўтди. Сессияда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг ҳисоботи тингланди.

Бугунги кунда Наманган вилоятида аҳоли сони 2 миллион 834 минг нафарни ташкил этиб, меъёр бўйича аҳоли истеъмоли учун келгуси 6 ой давомида 39,7 минг тонна мол гўшти, 21 минг тонна товуқ гўшти, 10,1 минг тонна балиқ гўшти, 74,6 минг тонна картошка, 13,9 минг тонна гуруч, 128,6 минг тонна ун, 15,6 минг тонна шакар, 12,9 минг тонна ўсимлик мойи, 9,5 минг тонна пиёз ва 27,8 минг тонна сабзи маҳсулотлари талаб этилади.

Ҳисобот давомида 2020 йилда 154,2 минг тонна (103,2%) мол гўшти, 283,2 минг тонна (104,4%) картошка, 12,7 минг тонна (103%) товуқ гўшти, 6,9 минг тонна (101,4%) балиқ, 104,8 минг тонна (105,6%) пиёз, 145,1 минг тонна (101,9%) сабзи, 8,3 минг тонна (101,8%) гуруч, 197 минг тонна (107,3%) ун, 30,5 минг тонна (106,2%) ўсимлик мойи етиштирилиши ҳисоб-китоб қилингани таъкидланди.

Вилоят ҳокими озиқ-овқат хавфсизлиги борасида ушбу соҳага ихтисослаштирилган йирик корхоналарга марказий бозорлардан жой ажратиш ҳамда улар маҳсулотларини «биринчи қўл» сифатида арзон нархда сотишига имкон яратиш кераклигини айтди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими деҳқон бозорларида деҳқонлар эмас, даллоллар маҳсулот сотаётгани, бу борада назорат сустлиги, бозорлар маъмурияти деҳқонлар маҳсулот сотишига қаршилик қилишини танқид қилди.

Сессияда гўшт маҳсулотлари нархини арзонлаштириш мақсадида вилоятда 3 197 гектар ер майдонларини чорвачиликка ўзлаштириш бўйича давлат томонидан субсидиялар ажратилгани маълум қилинди.

Top