Ейиш учун боқилаётган 18 миллиард ҳайвон ё фермада, ё дўкон, ресторанларда ё одамларнинг ошхонасида чиқинди идишга ташланади. 735 миллион атрофидаги одам очлик билан қаршилашаётган дунё учун катта бўлган бу рақамлар Барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол журналида чоп этилган тадқиқотда кўрсатилган.

Овқат идишигача етиб бормаётган ҳайвонлар

Нидерландиядаги Леиден университети тадқиқотчилари дунёда йиллик озиқ-овқат исрофи бўйича ўрганиш ўтказди. 2019 йилда сўйилган 75 миллиард ҳайвондан 18 миллиарди ейилмагани аниқланди. Тадқиқотда мол, қўй, эчки, чўчқа, товуқ ва курканинг фермада боқилишидан тортиб, қушхоналарда сўйилиш босқичи-ю, ресторан ва хўжаликларга тарқатилиб, овқат идишига келиб тушгунигача бўлган жараёнлар ўрганилган. Тадқиқотга денгиз ҳайвонлари киритилмаган.

2019 йилда исроф қилинган ҳайвон гўштлари

Гўшт чиқиндиларнинг аксарияти атиги 10 мамлакатда – Хитой, АҚШ, Бразилия каби йирик ва юқори ёки ўрта даромадли давлатларга тўғри келади. Тадқиқотчилар, шунингдек, аҳоли жон бошига қанча ҳайвон беҳуда ўлиб кетаётганини ҳам ўрганган. Бунда энг ёмон кўрсаткич АҚШга тегишли бўлиб, 1 кишига 7,1 ҳайвон исроф қилингани аниқланган. Бу киши бошига ўртача 2,4 ҳайвон исрофи тўғри келадиган глобал кўрсаткичдан уч баравар кўпдир.

Гўшт етиштирувчи ТОП5 мамлакатларда киши бошига исроф бўлаётган ҳайвонлар

Озиқ-овқат исрофи ошяпти

Тадқиқотчилар рақамларни кўрсатиш орқали сиёсатчилар ва истеъмолчиларнинг озиқ-овқат истеъмоли исрофига эътибор қаратишларидан умид қилган. Бироқ шуни таъкидлаш керакки, 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясида дунё етакчилари 2030 йилга бориб озиқ-овқат чиқиндиларини икки баравар камайтириш мажбуриятини олган. Рақамларга таянилса, муаммо глобал миқёсида яна ҳам ёмон тус олаётганини кўриш мумкин. Айниқса сўнгги йилларда АҚШда озиқ-овқат чиқиндилари кўпайган.