Жамият | 17:27 / 22.10.2020
13878
3 дақиқада ўқилади

Ўлим ҳақидаги гувоҳномани олиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилиниши эслатиб ўтилди

Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова ўлим гувоҳномасини олиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилиниши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

«Ўлимни қайд этиш тўғрисидаги ариза ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома берилганидан кейин 3 кундан кечикмай берилиши керак. Ўлимни қайд эттириш тўғрисида марҳумнинг қариндошлари ва яқин кишилари, шунингдек, тиббий муассаса маъмурияти мурожаат этиши мумкин. Улар ўлим тўғрисида тиббий гувоҳнома ва марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишади.

Агар вояга етмаган вафот этган шахсга нисбатан ФҲДЁ органида туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви қайд этилмаган бўлса, вафот этган шахсга туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилиб, бу ҳақда ариза берган шахсга маълумотнома берилади, шундан сўнг вафот этган шахсга нисбатан белгиланган тартибда ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви қайд этилади», деди Давлат хизматлари агентлиги вакили АОКАда ўтказилган брифингда.

Брифингда оилавий корхона қандай ташкил этилиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарилди.

«Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун ихтиёрий асосда, иштирокчиларнинг улушли ёки умумий мол-мулк, шунингдек, иштирокчилардан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир.

Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Корхона фаолиятни фақат юридик шахс сифатида фаолият кўрсатади.

Ушбу корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг умумий сони кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ўртача йиллик сонидан кўп бўлиши мумкин эмас. Бунда оилавий корхона иштирокчиларининг энг кам сони икки кишидан оз бўлмаслиги керак.

Корхонани рўйхатдан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказига борган ҳолда ёки электрон шаклда my.gov.uz портали орқали мурожаат қилиш мумкин.

Рўйхатдан ўтказиш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат, давлат тилидаги таъсис шартномаси, давлат божи тўлангани тўғрисидаги маълумотлар талаб этилади. Тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари миқдорида давлат божи ундирилади. Электрон тарзда мурожаат этганда 10 фоизлик чегирма мавжуд», деди Севара Зокирова.

Мавзуга оид