Ўзбекистон | 23:39 / 23.10.2020
9703
4 дақиқада ўқилади

Божхона қўмитаси банк сирига оид маълумотларни олиш ваколати масаласида изоҳ берди

Фото: UzReport

Давлат божхона қўмитаси эътирозларга сабаб бўлган «Банк сири тўғрисида»ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси юзасидан изоҳ берди. Лойиҳада банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олиш ваколати муайян шартларда божхона хизмати органларига ҳам тақдим этилиши таклиф қилинган.

Божхоначилар изоҳига кўра, президентнинг 2020 йил 5 июндаги «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган «Йўл харитаси»да божхона органларига банклардан банк мижози бўлган ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) иштирокчисига тегишли маълумотларни олиш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

«Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонуни 7-моддасида божхона органлари банклардан, молия органларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан, шунингдек жисмоний ва юридик шахслардан экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш ҳамда олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Банк сири тўғрисида»ги Қонуни 9-моддаси талабларига мувофиқ, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар прокуратура, тергов ва суриштирув органларига мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда, етказилган зарар ундириб олинишини ёки унинг мол-мулки хатланишини таъминлаш мақсадида терговчи ёхуд суриштирувчининг асослантирилган қарорига биноан прокурор санкцияси билан тақдим этилиши кўрсатиб ўтилган.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, давлат божхона хизмати органлари терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган ҳисобланади.

Шу билан бирга, божхона органларига товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейин божхона назоратининг шакли сифатида божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Хорижий давлатларда, хусусан Буюк Британия, Испания, Голландия, Жанубий Корея ва Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ – Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия) божхона аудитини ўтказиш амалиёти банклардан, кредит-молиявий ва банк операцияларини амалга оширувчи бошқа ташкилотлардан маълумотларни олиш ҳуқуқи мавжудлигини кўрсатади.

Жумладан, ЕОИИ Божхона кодексининг 335-моддасида божхона органлари мансабдор шахслари божхона текширувини амалга ошириш учун банклардан, кредит-молия ташкилотларидан банк сирини сақлаган ҳолда маълумотларни олиш ҳуқуқига эга экани белгиланган.

Шунингдек, Жаҳон банки экспертлари томонидан товарлар чиқариб юборилгандан кейинги божхона назоратини (божхона аудити) амалга оширилишини таъминлашда сайёр текширувлар сонини минималлаштириш мақсадида банклардан банк мижози бўлган ТИФ иштирокчилари ҳақида ўзаро маълумот алмашинувини йўлга қўйиш ва уларни таҳлил қилиш юзасидан тавсиялар берилган», – дейилади расмий релизда.

Таъкидланишича, «Банк сири тўғрисида»ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан асосий мақсад – божхона органларида мавжуд маълумотлар асосида ТИФ иштирокчиларининг молиявий барқарорлиги, ҳалоллиги ва қонунга итоаткорлик даражасини баҳолаш тизимини такомиллаштириш орқали уларга нисбатан соддалаштирилган божхона назорати шаклларини кенг қўллаш, шунингдек, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришдан иборат.

Мавзуга оид