12:02 / 26.10.2020
5816

Сентябрда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши тезлашди – Иқтисодиёт вазирлиги

Жорий йилнинг сентябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши тезлашди ва 2,2 фоиз даражасида шаклланди. Ўтган йили мос даврда ушбу кўрсаткич 1,4 фоизни ташкил этганди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 26 октябрь куни Ўзбекистонда 2020 йилнинг сентябрь ойида кузатилган инфляция даражаси ҳақида умумий маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, шу ойда истеъмол нархлари индекси ойлик 1,4 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврида мазкур кўрсаткич 1,3 фоизга тенг бўлган.

«2020 йил бошидан буён озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси 7,5 фоиз (2019 йилнинг шу даврида – 8,5 фоиз) даражасида ва йиллик ҳисобда – 17,7 фоиз даражасида шаклланди», — дейилади вазирлик маълумотида.

Таъкидланишича, гўшт маҳсулотларининг нархи сентябрда 3,8 фоизга (умумий кўрсаткичдаги улуши – 0,39 ф.б.) ўсди. Хусусан, қўй гўшти 5,7 фоизга, мол гўшти 5 – 5,4 фоиз оралиғида, қийма 4,2 фоизга, колбаса 1,8 – 1,9 фоиз оралиғида, балиқ ва балиқ консервалари ўртача 0,5 фоизга, парранда гўшти ва гўшт маҳсулотлари 0,3 фоизга қимматлашди. Бундан ташқари, ёғ ва мойлар нархи ўртача 2,3 фоизга кўтарилди.

«Тухум нархи ўртача 6,5 фоизга қимматлашиб, умумий ИНИнинг 0,06 ф.б.га кўтарилишини таъминлади. Ички бозорда тухум нархининг ошишига парранда озуқаси нархларининг 10 фоизга кўтарилиши (жумладан, буғдой нархининг 23 фоизга, маккажўхори – 28 фоизга, соя озуқаси – 20 фоизга) ва уларга бўлган талабнинг мавсумий ортиши, ҳамда кўплаб паррандачилик хўжаликларидаги товуқлар янгиланиши (1,8 миллион товуқ) билан боғлиқ бўлди», — дейилади маълумотномада.

Вазирликнинг билдиришича, озиқ-овқат нархларининг ошиши асосан август-сентябрь ойларида қўшни мамлакатлардаги мавжуд вазият билан боғлиқ бўлиб, айниқса, Қозоғистонда гўштни экспорт қилишдаги чекловлар билан изоҳланади. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров шу йил апрель ойида Kun.uz’га берган интервьюсида ушбу масалага тўхталиб, чеклов ҳақида мулоҳазасини билдирганди.

Top