Жаҳон | 16:27 / 01.11.2020
7593
2 дақиқада ўқилади

Кипр фуқароликни сотишни тўхтатди

Кипрда 1 ноябрдан инвестициялар эвазига фуқаролик бериш дастури тўхтатилди. Кипр ҳукумати “олтин” паспортлар бериш” деб номланувчи ушбу дастурни кўплаб қоидабузарликлар сабабли тўхтатишга қарор қилди.

Бунга эса Al Jazeera телеканали ўтказган терговдан кейин юз берган можаро сабаб бўлган. 

Телеканал журналистлари тергов давомида ўзларини гўёки пул ювганлик учун судланган хитойликлар қилиб кўрсатишган. Улар боғланган ҳуқуқшунослар, риелторлар ва ҳаттоки Кипр парламент спикери пул бўлса, Кипр фуқаролигини ҳаттоки судланган киши ҳам олиши мумкинлигини тасдиқлашган.

Бу можаро ортида Кипр парламенти раиси Димитрис Силлорис истеъфога чиққан.

Бунгача республика ҳукумати “олтин” паспортлар берилиши дастурига риоя қилиниши бўйича бир нечта текширувлар ўтказган. Сентябрда полиция “юқори хавф гуруҳи”га кирган 42 инвесторнинг фуқароликни олиш жараёнини тергов қилишни бошлаган. Тергов давомида инвесторлардан 7 нафари фуқароликдан маҳрум этилган.

Кипрнинг фуқароликни олиш дастури республикадаги кўчмас мулкка ёки маҳаллий компанияга 2 млн евро сармоя қилиш эвазига Европа иттифоқида яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи паспортни таклиф қилган. Паспорт олувчи Кипр ҳукуматига яна 200 минг евро хайрия қилиши керак бўлган.

2013 йилдан 2019 йилгача “олтин” паспортларни 4 мингдан кўпроқ одам олган. Улардан аксариятини Россия, Хитой, Украина, Ливан ва Саудия Арабистони фуқаролари ташкил қилган.

Мавзуга оид