Жаҳон | 14:49 / 04.11.2020
24274
7 дақиқада ўқилади

Байден ҳамон олдинда. Аммо қолган 9 штат натижани ўзгартириши мумкин

АҚШда сайлов якунланган, аммо ҳозирча ким ғолиб бўлиши маълум эмас. Трамп сиёсатшунослар кутганидан анча яхши натижаларга эришди, Байден эса сайловолди кампаниясидаги жиддий устунлигига қарамай ишончли ғалабага эриша олмади. Оқ уйни кейинги тўрт йил давомида ким бошқариши, афтидан, Пенсильвания, Мичиган ва Висконсиндаги овозлар ҳисоблаб бўлинганидан кейин аниқланади.

Жо Байден АҚШ президентлик сайловида етакчилик қилмоқда, аммо якуний натижалар чиқиши кечикмоқда. Кўплаб прогнозларга терс равишда демократлар номзоди ишончли ғалабага эриша олмади. Сайловолди сўровлари Байден рақиби - амалдаги президент Дональд Трампни тахминан 10 фоизлик пункт билан ортда қолдиришини кўрсатганди, октябрь ойи ўрталарида ўтказилган сўровлардан бирига кўра эса 17 пунктлик фарқ келтирилганди: 57 фоиз Байденга ва 40 фоиз Трампга. Амалда эса овозлар деярли тенг тақсимланмоқда.

2016 йилги сайловларда ҳам сўровлар натижалари ва экспертларнинг прогнозлари Трампнинг мағлубиятига ишора қилганди, аммо якунда у демократ рақиби Ҳиллари Клинтонни мағлуб этганди.

Сайлов ғолиби бир неча «тебранувчи» штатлар — Шимолий Каролина, Жоржия, Пенсильвания (Байден туғилиб ўсган штат), Мичиган ва Висконсиндаги овоз бериш натижалари ҳисоблаб чиқилгач аниқланади. Айни вақтга келиб Шимолий Каролинада номзодлар ўртасидаги фарқ бир фоизлик пунктга яқин, Жоржияда — 2 фоиз атрофида. Пенсильвания ва Мичиганда ҳам Трамп жами тахминан 10 пунктга устунлик қилмоқда, Висконсинда эса сўнгги соатларда вазият ўзгариб, устунлик демократлар томонига ўтди.

Сайловда ғолиб чиқиш учун номзод камида 270 нафар делегат овозига эга бўлиши керак. Тошкент вақти билан соат 12:00 ҳолатига кўра CNN Байден 220 овоз олгани, Трампда — 213 овоз борлигини маълум қилган. The New York Times баҳоси эса — 225 га 213, Fox News баҳоси — 238га 213. Турли манбалар вазиятни турлича баҳолашмоқда, айримлар ҳозиргача эълон қилинган натижаларгагина эмас, ўтган сафарги сайловларда қайси штат қайси партия номзодини қўллаганини, шунингдек, ўз экспертларининг прогнозларини ҳам ҳисобга олмоқда.

Номзодларнинг иккиси ҳам сайловда ғолиб бўлганини айтмоқда. Байден Делавэр штатидаги Уилмингтон шаҳарчасида тарафдорлари қаршисида чиқиш қилди. У: «биз ғалаба йўлидамиз», – деди ва барчадан сабрли бўлишни сўради. Демократлар номзоди сайлов натижаларини ҳисоблаш  ишлари бюллетенлар сони «бемисл даражада кўплиги туфайли» одатдагидан кўпроқ вақт олиши мумкинлигини айтиб ўтган.

Дональд Трамп ҳам тезлик билан муносабат билдирди. «Биз баландга кўтарилдик, аммо улар сайловдаги ғалабамизни тортиб олишга уринмоқда. Биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз», – деди Трамп твиттердаги саҳифасида. Twitter бу хабарни ретвит қилиш ва унга жавоб ёзиш имкониятини ўчириб қўйди. Трампнинг шу гаплари айтилган фейсбукдаги постига ҳам сайловларнинг якуний натижалари дастлабки натижаларидан фарқ қилиши мумкинлиги ҳақидаги эслатма қўшилган.

Кейин Трамп Оқ уйда ўз тарафдорлари қаршисида чиқиш қилди. У натижаларни феноменал деб атади ва «бир тўда омадсизлар» ундан ғалабани тортиб олишга ҳаракат қилгани ҳақида гапирди. Трамп «тебранувчи» штатлар - Жоржия, Шимолий Каролинада ғолиб чиққани, Висконсин, Пенсильвания ва Мичиганда ҳам устунлик қилаётганини айтиб ўтди.

Дастлабки натижалар ва прогнозлар
Трамп Кентукки (8 овоз), Индиана (11 овоз), Ғарбий Виржиния (5 овоз), Теннесси (11 овоз), Арканзас (6 овоз), Жанубий Дакота (3 овоз), Шимолий Дакота (3 овоз), Жанубий Каролина (9 овоз), Алабама (9 овоз), Юта (6 овоз), Миссури (10 овоз), Небраска (5тадан 4та овоз ), Миссисипи (6 овоз), Вайоминг (3 овоз), Оҳайо (18 овоз), Оклаҳома (7 овоз), Айова (6 овоз), Техас (38 овоз), Монтана (3 овоз), Айдаҳо (4 овоз), Канзас (6), Луизиана (8 овоз) ва Флорида (29 овоз) штатларида устун келмоқда. Натижа: 213 овоз.

Байден Виржинияда (13 овоз), Массачусетс (11 овоз), Делавэр (3 овоз), Мэриленд (10 овоз), Колумбия округида (3 овоз), Коннектикут (7 овоз), Нью-Жерси (14 овоз), Колорадо (9 овоз), Нью-Ҳемпшир (4 овоз), Иллинойс (20 овоз), Небраска (5тадан 1та овоз), Калифорния (55 овоз), Орегон (7 овоз), Вашингтон (12 овоз), Нью-Мехико (5 овоз), Ҳавайи (4 овоз), Нью-Йорк (29 овоз), Вермонт (3 овоз), Род-Айленд (4) ва Миннесотада (10 овоз) ғолиб бўлган. Натижа: 224 овоз.

Сайловда ғолиб чиқиш учун 270 овоз талаб этилади.

Ҳозирча 9та штатда овозлар ҳисоблаб чиқилмаган, бу 97 делегат овозига тенг. Жами 31 овозга эга бўлган тўрт штатда Байден етакчилик қилмоқда, қолганларида кичик фарқ билан Трамп устунлик қилмоқда, аммо бу штатларда овозларнинг кўп қисми ҳисоблаб чиқилмаган.

Байден устунлик қилаётган штатлар:
Невада - 6 делегат. 79 фоиз овозлар ҳисобланган, 50,2 фоизга 47,9 фоиз;
Аризона - 11 делегат. 82 фоиз овозлар ҳисобланган, 51,8 фоизга 46,8 фоиз;
Мэн - 4 делегат. 54,6 фоизга 42,3 фоиз;
Висконсин - 10 делегат. 89 фоиз овозлар ҳисобланган, 49,3 фоизга 49 фоиз

Трамп устунлик қилаётган штатлар:
Жоржия - 16 делегат. 92 фоиз овозлар ҳисобланган, 50,5 фоизга, 48,3 фоиз;
Шимолий Каролина - 15 делегат. 95 фоиз овозлар ҳисобланган, 50,1 фоизга 48,7 фоиз;
Мичиган - 16 делегат. 76 фоиз овозлар ҳисобланган, 51,8 фоизга 46,4 фоиз;
Пенсильвания - 20 делегат. 74 фоиз овозлар ҳисобланган, 55,7 фоизга 43 фоиз;
Аляска - 3 делегат. 36 фоиз овозлар ҳисобланган, 61,4 фоизга 34,7 фоиз.

Агар Байденнинг Аризонадаги узил-кесил ғалабаси тасдиқланса, бу Трампнинг қайта сайланиш имконияти учун жиддий зарба бўлади. Агар демократлар номзоди Висконсин ва Мичиганда ҳам ғалабага эришса, у Пенсильваниянинг натижасисиз ҳам президентликка сайланади.

Буёғига нима бўлади?
Шу вақтга қадар кейинги тўрт йил муддатга АҚШ президенти ким бўлиши ҳақидаги саволга жавоб йўқ.

Айрим эҳтимолий вариантлар:

Ким ғолиб бўлишини яқин бир неча кун ичида билиб олишимиз мумкин. Айни вақтда бу энг эҳтимолий сценарий, чунки Мичиган, Висконсин ва Пенсильвания каби муҳим уч штатда почта орқали юборилган бюллетенларни ҳисоблаш учун кўп вақт кетади.

Жараёнга ҳуқуқшунослар аралашиши ҳам мумкин. Дональд Трамп агар натижалар ўзи кутганидек бўлиб чиқмаса, Олий судга мурожаат қилиш билан таҳдид қилган. Бу ҳолатда жараён бир неча ҳафта вақтни олади.

Мавҳумлик тартибсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Кўплаб америкаликлар сайлов кунидан анча аввалроқ эҳтимолий тартибсизликларга тайёрланишган, таҳлилчилар бундай ҳолат фақат демократлар мағлубияти туфайли рўй бериши мумкинлигини айтишган.

Мавзуга оид