08:43 / 04.11.2020
6380

Монополияга қарши курашиш қўмитаси мактабларни жиҳозлашда давлат корхонаси монополиясига қарши чиқди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг “2021-2025 йилларда умумтаълим мактабларини мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, спорт анжомлари ва ўқитишнинг техник воситалари билан жиҳозлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини кўриб чиқиб, ўз таклиф ва эътирозларини юборди.

Қўмита хабарига кўра, кўп йиллар давомида мамлакатда айрим хўжалик юритувчи субъектларга эксклюзив ҳуқуқлар бериш орқали сунъий монополия яратилганлиги иқтисодиётда соғлом рақобат муҳити шаклланишига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Бу шароитда мазкур тизим орқали бюджет маблағлари асоссиз сарфланишига йўл қўйилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан тайёрланган қарор лойиҳасининг 4-банди учинчи хатбошисида умумтаълим мактабларига мебель ва махсус ўрнатиш талаб этилмайдиган жиҳозларни етказиб бериш ва ўрнатиш ишлари ҳамда жиҳозларни таъмирлаш ишлари “Ўқув таълим-таъминот” давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилиши кўрсатилган.

“Ваҳоланки, мазкур вазифалар давлат харидларида ғолиб бўлган ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчилар (иш бажарувчи) томонидан бажарилиши лозим. Бу мантиқий ва молиявий томонлама мақсадга мувофиқ ҳисобланади, чунки товарларни жойларга етказиб беришда ва ўрнатишда уларни сифатига ва техник талабларга мувофиқлигига тендерда ғолиб бўлган корхона жавоб беради. Шунинг учун, умумтаълим мактабларини мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, спорт анжомлари ва ўқитишнинг техник воситаларини харид қилишдаги шартларда товарни “Ўқув таълим-таъминот” ДУК базасига эмас, балки бевосита мактабларга етказиб берилишини белгилаш лозим.

Бунда, “Ўқув таълим-таъминот” ДУКнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга давлат бюджети ҳисобидан (13 млрд. сўм) ортиқча маблағлар ажратилиши ҳамда алоҳида яна ушбу ДУК томонидан товарларни жойларга етказиб бериш ва ўрнатиш учун маблағлар ажратиш талаб этилмайди ва ўз навбатида бюджет маблағлари тежалади”, - дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълумотида.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қарор лойиҳасининг 4-банди учинчи хатбошисини ҳамда 6-банди биринчи ва учинчи хатбошиларини чиқариб ташлаш лозимлиги айтилади.

Top