10:25 / 07.11.2020
16251

Бош прокурор: 2 йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида етказилган зарар 2 триллион сўмдан ошди

7 ноябрь куни Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раислигида коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт-шароитларига бағишланган идоралараро йиғилиши бошланди.

Бош прокурор Йўлдошев маърузасида немис давлат арбоби Бисмаркнинг «Ёмон қонунлар ва яхши амалдорлар билан давлатни бошқарса бўлади. Аммо амалдор ёмон бўлса, энг яхши қонунлар ҳам ёрдам  бермайди», деган сўзларидан иқтибос келтириб, бу сўзлар бугунга қадар долзарблигини йўқотмаганлигини таъкидлади.

Йўлдошев Ўзбекистонда ўтган икки йилда 1 минг 986 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилганини маълум қилди. Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 2 триллион сўмдан ошгани айтилди.

Йиғилишда прокуратуранинг назорат тадбирлари ҳамда тергов натижалари таҳлили асосида коррупция энг кўп учраётган соҳалар, вазирлик ва идоралар кесимида аниқ мисоллар ва рақамларда кўрсатиб берилди. Иқтисодий соҳадаги коррупциявий ҳолатлар асосан бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнида содир этилаётгани билдирилди.

«Ўтган икки йилда республика бўйича 371 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 2 минг 477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган», — деди Ниғматилла Йўлдошев.

Коррупция кенг тарқалган капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш бошланди.

Вазирлик ва идораларда, маҳаллий ҳокимликларда «compliance control» (ташкилий назорат – таҳр.) тизими йўлга қўйилмоқда.

Ўзбекистон сўнгги тўрт йилда Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш» (Doing Business) индексида 18 поғонага, Мерос жамғармасининг «Иқтисодий эркинлик» индексида эса 52 поғонага кўтарилди.

Шунингдек, Жаҳон банкининг «Коррупцияни тийиб туриш», «Transparency International» халқаро ноҳукумат ташкилотининг «Коррупцияни қабул қилиш», Жаҳон одил судлов лойиҳасининг «Коррупциянинг мавжуд эмаслиги» индексларида юқорилади.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 15 октябрь куни ўтказилган видеоселекторда коррупцияга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратганди. Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбланиб, қўлга олинган амалдорлар ҳақида маълумот берилганди.

Top