10:45 / 07.11.2020
10500

Молия органлари бюджет назоратини талаб даражасида бажара олмаяпти — Ниғматилла Йўлдошев

Бош прокурор бюджет маблағларининг рационал тақсимланиши ва мақсадли ишлатилиши юзасидан давлат назоратига масъул молия органларида юклатилган вазифалар талаб даражасида бажарилмаётганини танқид қилди. У пенсия жамғармаси ҳамда банк ходимларининг жиноятлари ҳақида гапириб берди.

7 ноябрь куни Бош прокуратура биносида ўтказилаётган коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт - шароитларига бағишланган идоралараро йиғилишда молия органларининг бюджет сарфини тўлақонли назорат қилишига тизимдаги коррупция ҳолатлари тўсқинлик қилаётгани маълум қилинди.

«Ўтган икки йилда молия органларининг 41 нафар ходими коррупция ҳолатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Масалан, Давлат молиявий назорати департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси Н. Узун қурилиш коллежида аниқланган 265 миллион сўмлик камомадни яшириш эвазига коллеж бош ҳисобчиси А.дан 2 минг доллар ва 500 минг сўм олганлиги учун суд ҳукми билан жазога тортилган. Ғазначиликнинг Андижон вилояти бошқармаси мансабдор шахслари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан 1 миллиард сўм ортиқча пул олишга эришиб, уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Вазирлик тизимидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 22 нафар ходими пенсия учун ажратилган маблағларни талон-торож қилганлиги ва бошқа суиистеъмолчиликлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Масалан, жамғарманинг Пискент тумани бўлими бош инспектори М. «Халқ банки» кассири Ҳ. билан бирга, 142 нафар вафот этган фуқаролар номига пенсия расмийлаштириб, жами 86 миллион сўмни ўзлаштириб юборган», — дея маълумот берди бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев.

Биргина «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида сўнгги икки йилда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 1,7 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари банк мансабдор шахслари томонидан талон - торож қилинган.

Масалан, «Миллий банк»нинг Шаҳрихон филиали раҳбари Р. ва касса мудири Д. 19 нафар фуқаро номига қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, имтиёзли кредит маблағлардан 378 миллион сўмини шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган.

Айни пайтда йиғилиш давом этмоқда.

Top