Жаҳон | 21:05 / 09.11.2020
16641
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжонлик ҳарбийлар Тоғли Қорабоғ пойтахтига яқинлашиб қолгани маълум қилинди 

Озарбойжонлик ҳарбийлар Тоғли Қорабоғ пойтахти Степанакерт остоналарида тургани маълум қилинди. Бу ҳақда Тоғли Қорабоғ республикаси президентининг матбуот котиби Ваграм Погосян хабар қилди. 

Фото: РИА Новости

“Душман Степанакерт остоналарида турибди ва пойтахтнинг тақдири хавф остида қолди. Агар Шуша яна бизники бўлишини, Арцах (Тоғли Қорабоғ) сақланиб қолишини истасак, Степанакерт ва фронт чизиғининг қолган йўналишларининг ишончли мудофаасини ташкиллаштириш учун бор кучимизни ишга солишимиз лозим”, деб ёзган Погосян фейсбукда.

Озарбойжон Мудофаа вазирлиги бўшаб қолган Шуша шаҳридан видео эълон қилган.

Аввалроқ Погосян Тоғли Қорабоғ қуролли кучлари республиканинг иккинчи рақамли йирик шаҳри – Шушани бошқа назорат қилмаётганини маълум қилган. Тоғли Қорабоғ томонининг бу баёноти Озарбойжон Мудофаа вазирлиги Шушанинг ишғол қилингани видеосини эълон қилгандан кейин янграган. Видеода Шуша кўчалари бўшаб ётганини, у ерда озарбойжонлик ҳарбийлардан бошқа ҳеч ким йўқлигини кўриш мумкин.

Бироқ кейинроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Степанакертдан 11 км узоқликда жойлашган Шуша учун жанглар давом этаётганини айтган.

“Шуша учун жанглар давом этмоқда”, деб ёзган Пашинян фейсбукда.

8 ноябрда Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев Шушанинг ва Тоғли Қорабоғдаги яна 20дан кўпроқ аҳоли пунктининг “озод қилингани”ни маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, Озарбойжон армияси сентябр охирида бошланган жанговар тўқнашувлар давомида Тоғли Қорабоғдаги 200дан кўпроқ аҳоли пунктини эгаллаган.   

Мавзуга оид