Жаҳон | 22:20 / 08.11.2024
5944
10 дақиқада ўқилади

Қорабоғ сафари: Жафокаш Фузулий ва янгиланаётган Зангилон

Озарбойжоннинг Қорабоғ ҳудудига қилган ижодий сафаримизда Ағдам туманидан кейинги манзиллар ишғол остида бўлган Фузулий ва Зангилон туманлари бўлди.

Бу ерларда ҳам ҳудудлар миналардан тозаланиб, кенг ва равон янги йўллар солинган. Зангилонгача янги темирйўл ўтказилган. Эрон билан чегарадош бўлган бу туманларни Араз дарёси бўлиб туради. Манзара жуда чиройли: Араз дарёсидаги Худофарин сув омбори ҳам ўзгача манзара касб этмоқда.

Жафокаш Фузулий

Биз дастлаб Фузулий туманига бордик. Бу туманнинг катта қисми 1992 йилдан буён армани ишғоли остида бўлган. Жумладан, туман маркази бўлган Фузулий шаҳри ҳам улкан талафот кўрган. Урушгача 20 минг киши истиқомат қилган Фузулий шаҳри эса босқин йилларида арвоҳ-шаҳарга айланган.

2020 йилнинг 17 октябрида Иккинчи Қорабоғ урушида Озарбойжон шаҳар ва туман устидан назоратни қайтариб олган.

Уруш даврида вақтинчалик туман маркази бўлган Ҳорадиз шаҳридан Қорабоғ тоғлари этагидаги бу жафокаш шаҳарга кириб бораверар экансиз, вайрон бўлган биноларга кўзингиз тушади.

Катта-катта далалар, боғлар, узумзорлар 28 йил давомида қаровсиз қолиб кетиб, қамишзорларга айланган.

Шаҳарда бирорта соғ уй қолмаган. Вазият шу қадар бўлганки, Озарбойжон байроғини кўтариш учун шаҳарда бирорта томи бор уй топа олишмаган.

Озарбойжоннинг ANAMA агентлиги ҳудудларни миналардан тозалаш борасида ҳуманитар операция ўтказаётгани ҳақида ҳикоя қилган эдик. Фузулий туманидаги тўқнашув чизиғи ҳам зич миналаштирилган ҳудудлардан бири ҳисобланади.

ANAMA маълумотларига кўра, зафар қозонилган 2020 йилнинг 10 ноябридан 2024 йилнинг 30 сентябригача миналаштирилган ҳудудларда 226 марта мина портлаши ҳодисаси рўй берган. 381 киши зарар кўрган. Уларнинг 311 нафари ярадор бўлган, 70 киши ҳалок бўлган. Шу сабаб ишғолдан озод бўлган ҳудудларда йўл четида минадан огоҳлантирувчи белгилар ҳамон турибди.

Фузулий шаҳрида амалга оширилаётган йирик ободончилик ишлари шу кунларда тингани йўқ. Қарийб 30 йил давомида қаровсиз қолиб кетган халқаро аэропорт бутунлай янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. Замонавий тураржой бинолари барпо этилган.

Биз учун энг муҳими Ўзбекистон халқи номидан 960 ўринли Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли ўрта мактаб биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Мазкур мактабнинг очилиш маросимида Ўзбекисон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев ўз рафиқалари билан иштирок этди.

Мактабга кираверишда Мирзо Улуғбек ва ўзбек мутафаккирларининг панно ҳайкали ўрнатилган. Мактабда ўзбек тилида ҳам ёзувлар туширилган. Ўқувчилар ҳам ўзларининг чизган суратларида Озарбойжон-Ўзбекистон дўстлигини тараннум этган.

Мактаб ўта замонавий, аниқ фанлар синф кабинетлари барча лаборатория жиҳозлари билан таъминланган. Мактаб спорт зали ҳам кенг ва шинам, кўплаб спорт турлари билан шуғулланишга имкон беради.

Фузулийдаги 1-мактаб директори Ҳожар Маҳмудова ўз фикрлари билан бўлишди:

«30 йилга яқин ишғол устида бўлган тупроқларимизни қайтариб олдик. Бу тупроқларимизда ортиқ ўт очиш ва мина овозлари эмас, севинч саслари, болалар кулгиси овозлари янграмоқда. Мактабимизда қўғироқ овози янграй бошлади.

Мактабимиз ўтган йилнинг август ойидан тўлиқ қуриб ишга туширилди ва сентябр ойининг 15-санасидан мактабимизда қўнғироқ чалиниб, иш бошлади.

Бу ерда Озарбойжон-Ўзбекистон дўстлиги бурчаги ташкил қилганмиз. Мана бу улкар харитада эса Ўзбекистон ва Озарбойжон яшил ранг билан ажратиб кўрсатилган».

Фузулийда ҳаёт шиддит билан ўз ўзанига тушиб бормоқда. Бу ерда 2040 йилга қадар 50 минг киши истиқомат қиладиган шаҳар барпо этиш кўзда тутилган.

Фузулийнинг армани босқини йилларида вайрон қилинган қисми келгуси авлодлар учун очиқ осмон остидаги 14 гектарлик Зафар музей сифатида сақлаб қўйилар экан. Шунингдек, катта истироҳат боғи, сунъий кўл барпо этиш ҳам назарда тутилмоқда.


 

Янгиланаётган Зангилон

Жаброил тумани ҳам босқинда жабр кўрган туманлардан бири ва у Фузулий ҳамда Зангилон туманлари орасида жойлашган. Биз у ерга бормадик, кейинги манзилимиз Зангилон туманидаги Ағали ақлли қишлоғи бўлди.

Эрон чегарасида жойлашган Ағали ҳам ер билан яксон бўлган аҳоли пунктларидан биридир. Маҳаллий аҳоли армани босқинини жуда яхши эслайди ва Араз дарёсининг суви тўсилиб, саёзлаштирилгани учун одамлар Эрон ҳудудига қочиб ўтиб арманлар қирғинидан омон қолишган экан. Йўқса, бу ерда ҳам Хўжали қирғини каби фожиа рўй берган бўларди.

Ағали айни пайтда мутлақо янгидан замонавий қиёфада қад ростламоқда.

«Буюк қайтиш» дастури бўйича намунавий тарзда 2021 йилда тамал тоши қўйилиб, бутунлай бошқатдан барпо этила бошланган ақлли шаҳарча бир йил-у бир ой, бир кундан сўнг 2022 йил апрелининг 27-санасида шаҳарча очилган. 2023 йилнинг июл ойидан бошлаб шаҳарчага илк турғунлар кўчиб кела бошлаган. Айни пайтда ақлли шаҳарчада 175 оила ва 871 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.

Биз шаҳарчадаги болалар боғчаси ҳамда 1-сонли ўрта мактабни кўрдик. Замонавий болалар боғчасида мактабгача ёшда бўлган болалар учун барча шароитлар ҳозирланган. Болаларни парваришлаш билан бирга, уларга таълим бериб келинмоқда.

1-мактабда эса дарслар ўтилмоқда. Болалар 8 ноябр — Зафар кунини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўришаётган экан. Маҳаллий аҳолининг шеваси ўзбек тилига жуда яқинлиги бизни ҳайратга солди, албатта.

Бизни энг ҳайратлантиргани – «Шаҳидлар ўлмас, Ватан бўлинмас» шиори остида Зангилон туманидан Биринчи ва Иккинчи Қорабоғ урушида ҳалок бўлган аскарларнинг ҳар бирининг сурати исм-фамилияси билан мактабда стенд қилинган.

Албатта, Ватан озодлиги учун жон берган қаҳрамонлар ёш авлод хотирасида доимий сақланиб қолиши учун қилинаётган бу ишлар кишини тўлқинлантирмасдан қўймайди.

Умуман, Озарбойжондаги ҳар бир қишлоқда урушда ҳалок бўлган ёки яраланган жангчилар бор. Аҳоли пунктлари оралаб борар экансиз, катта йўл ёқасида — қишлоқларга кираверишда ҳалок бўлган жангчиларнинг портретлари, исм-фамилияси катта ҳарфларда ёзилган. Сурат остига гулчамбар қўйилган ва Озарбойжон байроғи осиб қўйилган. Озарбойжонликлар жангда ҳалок бўлган ўз шаҳидларининг бирортасини унутмасдан, номма-ном ёд этиб, эҳтиром кўрсатиши таҳсинга сазовор.

Ағали қўрғонига қайтсак, бу ақлли шаҳарча замонавий шаҳарсозлик қоидалари бўйича барпо этилмоқда ҳамда БМТнинг ақлли шаҳарчалар борасидаги талабларига тўлиқ мос келади.

Шаҳарчанинг ҳар қандай чеккасидан унинг марказигача узоғи 15 дақиқада пиёда етиб кела оласиз. Бундан ташқари, шаҳарча бўйлаб велойўлаклар қилинган.

Қурилаётган уйлар ҳам энергия тежамкорлик бўйича барча талабларга жавоб беради. Уйлар изоляцион материаллардан барпо этилганки, ёзда иссиқни ичкарига киритмайди, совуқ қиш фаслларида эса иссиқлик уйни тарк этмайди. Ўзига хос термос уйлар. Қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишга ҳам катта эътибор берилган.

Бундан ташқари, «Буюк кўчиш» дастури бўйича қайтадан барпо этилаётган аҳоли масканлари, жумладан Ағали шаҳарчасига келиб яшаётганлар коммунал тўловлар, жумладан электр энергияси, табиий газ ҳамда ичимлик сув тўловларидан озод қилинган экан.

Ағалига кўчиб келган оила хонадонида меҳмон бўлдик. Оила бекаси Ағалидаги ўрта мактабнинг озарбойжон тили ва адабиёти ўқитувчиси Назрин Бахшалиева шундай деди:

«Биз октябрнинг 28-санасида кўчиб келдик. Давлатимиз тарафидан шароити юксак савияда, барча шароитларга эга бўлган янги уй билан таъминландик. Бу ерда отам, онам ман ва қариндошларим билан кўчиб келдик. Икки қардошим шаҳарда қолган. Отам ва мен иш билан таъминландик. Ҳар бир иш юксак савияда ташкиллаштирилган. Бизнинг камчиликларимиз ва муаммоларимиз билан сутканинг 24 соатида шуғулланишади. Бирор нарса зарур бўлса, қўнғироқ қилсак, муаммо ҳамманинг олдида ҳал этилади. Яъни жуда юксак савияда бу ерда ҳам давлат назорати бор, ҳамда фуқароларнинг эҳтиёжлари ўрганилади».

Унинг онаси Гулшан Маммедова Ағалини тарк этганида 8 ёшли қиз бўлган экан. Гулшан опа туғилиб ўсган Ватанининг озод бўлиши, унгача бўлган кечинмаларини тўлқинланиб гапириб берди.

«Шунча вақт шаҳарда яшаганимизда бизга берилган қочқин статуси бироз одамнинг қалбига ботар эди, лекин шаҳарда яшовчилар биз нималарни кўриб, ватанимизни ташлаб борганимизни билишмаган. Аммо шукрки, бугунги кунда шу ердамиз. Аллоҳ президентимизнинг жонини омон айласин, шаҳидларимизни раҳматига олсин, ғозийларимизга жон соғлиғи берсин, президентимизнинг сиёсати натижасида, шаҳидларимизнинг қони ҳисобига бу тупроқлар олинди.

Одамлар энди энди кўчиб келишмоқда. Иншааллоҳ, келажакда бутун қишлоқларимиз, шаҳарларимиз ободлашади, гўзаллашади, янги уйлар тикланади, бутун қочқинларнинг ҳаммаси ўз элига, ватанига қайтиб келишгади ва қочқин статусидан иншаалоҳ халос бўлишади».

Озарбойжонда ғалабадан сўнг ишғолдан озод этилган ҳудудларда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Инфратузилма объектлари қуриб битказилган. Фузулий, Жаброил, Зангилон орқали Лочин ва Шушага элтувчи янги йўллар барпо этилмоқда.

Биз кўрсатувимизнинг навбатдагисида Лочин, Шуша ва Хонкенди шаҳарлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.
Монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид