09:17 / 09.11.2020
18456

Пашинян Байден Қорабоғдаги урушни тўхтатишда ёрдам беришига умид билдирди

Фото: Арманистон республикаси бош вазирининг веб-сайти

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Жо Байденга АҚШ президент сайловларидаги ғалабаси муносабати билан табрикнома йўллади. Пашинян табрикномада Байден Тоғли Қорабоғдаги ихтилофни ҳал қилишда фаол иштирок этишига умид билдирди.

“Президент лавозимига номзод бўлганингизда ихтилофни фақат тинч йўл билан ҳал қилиш кераклиги борасида билдирган фикрларингизни қўллаб-қувватлайман. Умид қиламан, сизнинг маъмурият урушни тўхтатиш ва ихтилофни Арцах (Тоғли Қорабоғ) халқи хавфсизлигини таъминлайдиган кафолатлар асосида ҳал қилишга эришишда фаол қадамлар амалга оширади”, – деб айтилган Пашинян табрикномасида.   

Шунингдек, Арманистон Бош вазири Озарбойжон ва Туркияни жанговар тўқнашувларда ёлланма жангарилардан фойдаланишда яна бир бор айблаган. 

АҚШ президенти сайловларига ҳали расман якун ясалмаган бўлса-да, АҚШнинг бир қатор етакчи оммавий ахборот воситалари сайловларда Жо Байден ғалаба қозонганини эълон қилди. Байден сайлов кампанияси давомида Вашингтон Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги ихтилофга Туркиянинг аралашишига йўл қўймаслиги кераклигини айтган.

Top