Жаҳон | 22:04 / 05.02.2026
1091
2 дақиқада ўқилади

Боку суди Тоғли Қорабоғнинг беш нафар раҳбарини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди

Шунингдек, яна бир қанча раҳбар узоқ муддатли қамоқ жазосини олди. Улар турли жиноятларда, жумладан, геноцид ва терроризмда айбланди.

Фото: APA

Озарбойжон пойтахти Бокудаги ҳарбий суд Тоғли Қорабоғ республикасининг собиқ раҳбарларига нисбатан ҳукм чиқарди. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Арайик Арутюнян (тан олинмаган республика президенти), Левон Мнацаканян (армия қўмондони), Давид Манукян (армия қўмондони ўринбосари), Давид Ишханян (парламент раиси) ва Давид Бабаян (ТИВ раҳбари) умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Улар Арманистоннинг Озарбойжонга қарши ҳарбий тажовузи оқибатида тинчлик ва инсониятга қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар, жумладан, тажовузкор урушга тайёргарлик кўриш ва олиб бориш, геноцид, уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш, шунингдек, терроризм, терроризмни молиялаштириш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш, уни зўравонлик билан ушлаб туриш ва бошқа кўплаб жиноятларда айбланди.

Тоғли Қорабоғнинг яна икки собиқ амалдори Аркадий Гукасян ва Бако Саакян 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Қайд этилишича, Гукасян ва Саакян аллақачон 65 ёшга тўлган, шунинг учун Озарбойжон қонунчилигига кўра, улар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин эмас. Шунингдек, Мадат Бабаян ва Меликсет Пашаян (19 йилдан), Гарик Мартиросян (18 йил), Давид Алавердян (16 йил), Василий Бегларян, Гурген Степанян ва Эрик Казарянга (15 йилдан) ҳам ҳукм чиқарилган.

Озарбойжон 2023 йил сентябрь ойида Тоғли Қорабоғ (Арцах) раҳбарияти вакилларини Озарбойжон армияси ҳужумидан кейин бутун арман аҳолиси билан минтақани тарк этишга уринаётганда қўлга олди. Улар турли жиноятларда, жумладан, геноцид ва терроризмда айбланган. Бокуда жами 16 киши, жумладан, собиқ давлат вазири, миллиардер ва хайриячи Рубен Варданян суд маҳкамасига тортилди. У алоҳида судланмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид