20:54 / 10.11.2020
15857

Пашинян Қорабоғдаги муваффақиятсизлик учун жавобгарликни ўз зиммасига олди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғ ихтилофидаги муваффақиятсизлик учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Унинг таъкидлашича, Озарбойжон билан келишув имзоланмаганда вазият Арманистон учун янада ёмонроқ бўларди.

“Ҳа, ушбу вазият учун жавобгарман. Бу биз учун катта муваффақиятсизлик, катта фалокат, йўқотилган ҳаётлар учун катта мотамдир. Бироқ ишонаманки, Арманистон ва Арцах яшашни давом эттириши, мустаҳкамланиши, кучайиши  керак, турли масалалар бўйича аввалги қарашларини қайта кўриб чиқиши лозим”, деб таъкидлаб ўтган Пашинян фейсбукда.

Пашинян бундан буёғига Арманистон ва Тоғли Қорабоғнинг иқтисодий ва гуманитар тараққиётига эътиборни қаратиш зарурлигини айтган. “Қайд қилиш лозим, биз йиқилдик, аммо жарликка қуламадик. Биз тўхташ ҳақида ўз вақтида қарор қабул қилдик. Акс ҳолда ҳолатимиз анча ёмон бўларди. Зарур сабоқларни чиқариш лозим, бу келажакда мамлакатимиз ривожланишида ёрдам беради”, деб таъкидлаб ўтган Арманистон бош вазири.

Унинг таъкидлашича, агар Ереван Тоғли Қорабоғ атрофидаги 5та туманни Озарбойжонга беришга рози бўлганда, урушнинг олдини олиш мумкин бўларди.

“Урушнинг олдини олиш мумкинмиди? Ҳа, агар Қорабоғ атрофидаги 5 туманни топширганимизда. Бироқ бу ҳолатда ҳам Қорабоғ мақоми батамом ҳал бўлмасди. Агар мен сиздан Қорабоғ атрофидаги туманларни топширишни сўраганимда, нима деган бўлардингиз? Ўйлайманки, ҳеч ким бунга рози бўлмасди, жумладан мен ҳам”, деб қўшимча қилган Арманистон бош вазири.   

10 ноябрга ўтар кечаси Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғдаги барча жанговар ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш ҳақида уч томонлама баёнот қабул қилди. Ушбу баёнотга кўра, Озарбойжон ва Арманистон томонлари ҳозирда эгаллаб турган жойларида қолади. Тоғли Қорабоғдаги туташув чизиғи ва ҳудудни Арманистон билан боғловчи йўлак бўйлаб Россиянинг тинчликпарвар кучлари жойлаштирилади.  

Арманистонда Пашиняннинг Қорабоғ бўйича қабул қилган қарорига қарши норозиликлар бошланган. Бир неча ўнлаб кишилар Арманистон ҳукумати биносига бостириб кириб, бош вазир ишчи хонасини остин-устун қилган.

Мавзу
Қорабоғ уруши
12 июль куни Озарбойжон шимоли-ғарбидаги Товуз вилояти ҳудудида икки давлат қўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлди.
Барчаси
Top