22:26 / 11.11.2020
4716

Эфиопия армияси бир неча кун ичида 550га яқин исёнчини йўқ қилди

Эфиопия шимолидаги Тиграй вилоятини назорат қилиб келган Тиграй Халқ озодлик фронти (TPLF)га қарши ҳарбий операцияда 550га яқин исёнчи йўқ қилинди.

Фото: Anadolu Agency

Эфиопия давлат телевидениеси – EBC хабарига кўра, генерал-майор Белай Сеюм 4 ноябрда бошланган операцияда шу пайтгача 550 исёнчи йўқ қилингани ва 29 киши қўлга олинганини маълум қилган.

У Сеюм, Данша, Тиркан, Бакер, Равуян ва Ҳумера шаҳарлари миллий армия назорати остида эканини ҳам эълон қилган. Ҳарбий ҳаракатларда исёнчиларнинг кўп сонли ўқ-дорилари ва ҳарбий транспорт воситалари қўлга киритилган.

Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад 4 ноябрь куни миллий армия бўлинмаларига ҳужум қилган Тиграй Халқ озодлик фронтига қарши ҳарбий чоралар кўришга қарор қилганликларини эълон қилган эди. Эълондан сўнг Эфиопия Вазирлар Кенгаши Тиграй вилоятида 6 ой давомида фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Африкадаги аҳолиси сони бўйича иккинчи ўринда бўлган Эфиопиядаги ушбу можаролар фуқаролар урушига олиб келиши ва мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириши мумкинлиги кузатувчиларни хавотирга солмоқда.

Бош вазир Абий Аҳмед 2018 йилда ҳокимият тепасига келгунига қадар TPLF мамлакат сиёсатида ўз сўзига эга бўлган. Эфиопиянинг 11 маъмурий туманларидан бири бўлган Тиграй аҳолиси умумий аҳолининг тахминан 6 фоизини ташкил қилади. Яқинда мамлакатда юз берган терактлар ортида турганликда айбланган TPLF 2019 йилда ҳукмрон коалиция таркибидан чиққан.

Партия ҳукуматнинг сайловларни кейинга қолдириш тўғрисидаги қарорига қарамай, маҳаллий ҳокимият органларига сайловларни сентябрь ойида ўтказган ва ғалаба қозонган. Сайловлардан сўнг марказий ҳукумат маҳаллий маъмурият билан барча алоқалар узилганини эълон қилганди.

Top