Жаҳон | 14:48 / 10.09.2025
3930
2 дақиқада ўқилади

Эфиопия Африкадаги энг йирик гидроэлектр станцияни ишга туширди

Эфиопия бош вазири қурилиши Миср ва Судан билан келишмовчиликка сабаб бўлган Мовий Нилдаги "Уйғониш" ГЭСни расман очди.

Абий Аҳмад Фото: Luis Tato/AFP/Getty Images

Эфиопия мамлакатдаги миллионлаб одамларни электр энергияси билан таъминлашга мўлжалланган Африкадаги энг йирик гидроэлектр станциясини расман очди. 9 сентябр, сешанба куни Губа шаҳрида "Буюк Эфиопия Уйғониш даври тўғони" ("Уйғониш" ГЭС)нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад, шунингдек, Сомали, Жибути ва Кения президентлари иштирок этди.

Судан чегараси яқинидаги Мовий Нил дарёсида қиймати 5 миллиард долларлик ГЭС қурилиши 2011 йилда бошланган. Биринчи турбина 2022 йилда ишга туширилгач, тўғоннинг қуввати аста-секин ўсиб борди ва расмий очилиш арафасида максимал қуввати 5150 мегаваттга етди. Бу уни дунёдаги 20 та энг йирик ГЭСдан бирига айлантиради, дея қайд этади Reuters.

Фото: Luis Tato/AFP

«Буюк Эфиопия Уйғониш даври тўғони» қарийб 120 миллион аҳолига эга бўлган мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплашга мўлжалланган бўлиб, қолган қисми қўшни давлатларга экспорт қилинади. Бош вазир Абий Аҳмад 14 йиллик лойиҳанинг якунланишини «тарихий ютуқ», ГЭСни эса бутун Африка учун «умумий имконият» деб атади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид