15:43 / 11.11.2020
22239

Собиқ ҳарбийдан Ўзбекистон фуқаролик паспорти нега олиб қўйилган?

«Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинишини кўпчилик интиқлик билан кутганди. Шу қатори, Ўткир Қандаҳоров ҳам буни кутганди, аммо вақт ўтиб унга янги таҳрирдаги қонунда белгиланган тартиб бўйича фуқароликни олиш имконияти барибир қийинчиликларсиз кечмаслиги аён бўлди.

Шу йилнинг 28 февраль куни Сенат томонидан маъқулланган «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида» янги таҳрирдаги қонун фуқаролиги бўлмаган шахслар учун орзиқиб кутилган имкониятни тақдим этди.

Қонуннинг 6 моддасига («Фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тан олиш») кўра, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Шунга қарамай, айрим фуқаролиги бўлмаган ва Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери истиқомат қилаётган шахслар ўз фуқаролиги тан олиниши масаласида муаммоларга дуч келмоқда. Бу уларнинг 1995 йил 1 январгача Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтиб, яшаганини исботловчи ҳужжатни тақдим эта олмаслик билан боғлиқ бўлиб, бунга кўпроқ ҳарбий хизматчилар, Қуролли кучлар сафида меҳнат қилган шахслар дуч келишмоқда.

Kun.uz билан суҳбатлашган Ўткир Қандаҳоровга кўра, у 1989 йили таҳсил олиш мақсадида собиқ Ленинобод вилоятидан Ўзбекистонга (Тошкент шаҳрига) келади.

Ўткир Қандаҳоров

«Геология-разведка ишлари бўйича мутахассислиги учун 1994 йилгача университет ётоқхонасида яшаб, ўқидим. Олий таълимни тамомлаб, ўз аризам билан Ўзбекистон Қуролли кучлари сафида хизмат қилиш учун ҳарбийлар сафига қабул қилиндим. 1998 йилгача ҳарбий офицернинг шахсий гувоҳномаси билан юрдим, Қорақалпоғистонда хизмат қилдим. Ҳарбий ҳаётни тугатиб, 1998 йилдан кейин геология соҳасида давлат корхоналарида ишлай бошладим. Аввал Навоий вилоятида, кейин Олмалиқ шаҳрида иш бошладим. Шу орада (1998 йил – таҳр.) Ўзбекистон фуқаролик паспорти берилганди. Аммо 2011 йилда биометрик паспортга ўтиш жараёнида фуқаролик паспортим олиб қўйилди», — деди у.

Ўзбекистон Республикасининг эски таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида» қонуни талаби билан 1992 йилга қадар Ўзбекистонда доимий яшаган шахсларга муайян шартлар асосида фуқаролик паспорти берилиши битилганди. Қандаҳоров эса шу вақтда Тошкентда доимий пропискадан ўтмай, талабалар ётоқхонасида вақтинча рўйхатга қўйилгани важи билан унга берилган фуқаролик паспорти олиб қўйилган.

«Жуда кўп суриштирув ва ўрганишлардан сўнг, менга фуқаролиги бўлмаган шахс мақоми берилди ва шунга мувофиқ ҳужжат тақдим этилди. Орадан йиллар ўтиб, «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинишини эшитиб хурсанд бўлдим. Негаки, қонунга биноан 1995 йилга қадар Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтиб, яшаб келган шахслар фуқаролиги автоматик тан олиниши ёзилганди. Қонун кучга кирди ва ИИБга мурожаат қилдим. Шунда ҳам муаммо пайдо бўлди», — дея қўшимча қилди Ўткир Қандаҳоров.

Унинг айтишича, эндиликда 1994 йили Қуролли кучлар сафига кириб, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида жойлашган 8-ҳарбий қисмда яшаганини, хусусан ўша ерда доимий прописка қилинганини исботлаш керак.

«Афсуски, ўша даврда прописка деган нарсага эътибор кучли бўлмаган. Ҳарбийлар шаҳарчасида истиқомат қилган ҳарбий хизматчиларнинг прописка маълумотлари маҳаллий ИИБга тақдим этилмаган. Бу маълумот Мудофаа вазирлигида борми, йўқми билмайман. Ҳарбий қисмга хат юбордим, ҳозирча жавоб йўқ», — дейди у.

Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Руслан Каримов фуқаро Қандаҳоров билан ушбу масала юзасидан фикр алмашди. Унинг айтишича, қонун талаби бўйича 1995-йилгача Ўзбекистонда доимий яшаганини исботловчи ҳужжат зарур. Буни Мудофаа вазирлиги архив ҳужжатларидан қидириш керак. Каримов ва Қандаҳоров учрашувидан сўнг, томонлар Мудофаа вазирлигига сўров юборишга келишди.

«Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинган санага мувофиқ, Ўзбекистонда жами 95 857 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар истиқомат қилади, ушбу кўрсаткич Марказий Осиёдаги жами фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 78,5 фоизини ташкил этади.

Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромовга кўра, Ўзбекистонда яшаётган фуқаролиги йўқ шахсларнинг асосий қисмини ўзбеклар ташкил қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида мамлакатда узоқ вақтдан бери яшаб келган, бироқ Ўзбекистон фуқаролигини олмаган юртдошларимиз муаммосини қонунга мувофиқ ҳал этиш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлаган эди.

Ўйлаймизки, 1995 йилга қадар Ўзбекистонга кириб келиб, доимий пропискага эга бўлган шахслар, хусусан ҳарбий хизматчи ва бошқа соҳа вакилларини қийнаб келаётган муаммо идоралараро маълумот алмашинуви орқали зудлик билан ҳал этилади. Акс ҳолда, минглаб шахслар кутган янгилик ўз аҳамиятига эга бўлмайди.

Алишер Рўзиохунов
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов

Top