Жаҳон | 14:57 / 25.04.2024
1961
2 дақиқада ўқилади

Россия чет элда паспорт алмаштиришни тақиқлаш режалаштирилаётганини рад этди

Аввалроқ «Новая газета» Россия ТИВ хориждаги консуллик муассасалари томонидан хорижий паспорт ва бошқа ҳужжатларни қайта расмийлаштиришни тақиқлаши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. 

Фото: Ian Iankovskii/Zoonar/picture alliance

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг хориждаги консуллик идоралари томонидан паспортлар бериш, нотариуслар ва бошқа қатор хизматлар кўрсатишни вақтинчалик тўхтатиб туришни назарда тутувчи идоравий буйруқ лойиҳаси мавжудлигини рад этди. Бундай ҳужжатнинг тайёрланиши ҳақида унинг нусхасига таяниб, аввалроқ «Новая газета» хабар берган эди

«Новая газета»нинг 25 апрел, пайшанба куни чоп этилган ахборотидан маълум бўлишича, тақиқ жорий йилнинг ўзидаёқ жорий этилиши мумкин. Бундай ҳолда, чет элда яшовчи руслар ҳужжатларни олиш ёки алмаштириш учун мамлакатга қайтиши керак. Чекловлар паспорт алмаштириш ва нотариал хизматлардан ташқари, ҳужжатларни легаллаштириш ҳамда фуқаролик масалаларини ҳал қилишга ҳам таъсир қилади, деб ёзади нашр. «Новая газета» ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи бошқа манбаларни тақдим этмади. 

Россия идораси бу маълумотни «ҳақиқий ёлғон» деб атади, дея хабар берди ТАСС. 

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 10 млн россиялик хорижда яшайди 

БМТ маълумотларига кўра, 2021 йил ҳолатига кўра, 10 миллионга яқин руслар мамлакат ташқарисида яшаган - у дунёдаги энг катта диаспоралардан бири. Уруш ва сафарбарлик фонида, турли ҳисоб-китобларга кўра, яна юз минглаб одамлар Россияни тарк этган. 

Ўтган сентябр ойида Александр Лукашенко Беларуснинг хориждаги дипломатик муассасаларида мамлакат фуқароларига Беларус паспортларини бериш, янгилаш ва алмаштиришни тақиқлаган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид