21:19 / 13.11.2020
4607

«Ласетти»даги 53 млн сўмлик пиротехника воситалари фош бўлди

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Kun.uz'га маълумот берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари билан ҳамкорликда пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказди.

Унда фуқаро И.Ф. бошқарувидаги «Ласетти» тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада автомашина салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 53 380 000 сўмлик 62 820 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Тошкентда 300 миллион сўмлик тамаки ва пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси фош этилди

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда товар-моддий бойликларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказди. Унда фуқаро А.Ш.га тегишли 2 та хонадон ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.

Ушбу хонадонларда Ўзбекистон Республикаси акциз маркаси билан маркаланмаган, умумий қиймати 300 миллион сўмлик 2427 қути тамаки маҳсулотлари ва 279 160 дона пиротехника воситалари ноқонуний тарзда сақланаётгани аниқланди.

Тўловлардан бўйин товлашга бўлган уриниш фош бўлди

«Чуқурсой» ТИФ божхона постида хориждан кириб келган, йўл кузатув ҳужжатларида умумий ном билан қайд этилган аёллар кийимлари кўрикдан ўтказилди.

Натижада юк кузатув ҳужжатларида умумий ном билан аёллар кийимлари сифатида кўрсатилган товарлар аслида қишки кийимлар экани, контейнердаги товарлар ҳужжатларда кўрсатилганидан 16 320 донага ортиқча экани аниқланди.

Текширув давомида, 1 млрд 662 млн сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Яна бир ҳолатда «Сирғали» ТИФ БПда хориждан олиб келинган умумий қиймати 1 млрд 150 млн сўмлик кийимлар божхона кўригидан ўтказилганида, ушбу товарлар аслида шимлар экани маълум бўлди ва 361 млн сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланди.

Яна бир ҳолатда, «Чуқурсой техник идора» темир йўл чегара божхона пости ходимлари Хитойдан кириб келган турли асбоб-ускуналар ва хўжалик товарларини божхона кўригидан ўтказди.

Натижада йўл юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган ва кўрсатилганидан ортиқча бўлган оғирлиги салкам 6 тоннага яқин, қиймати 1 млрд 326 млн сўмлик маиший буюмлар ва эҳтиёт қисмлар товарлари борлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top